Ўзбекистон | 18:05 / 26.08.2021
11370
7 дақиқада ўқилади

“Кўпроқ инвестор келиши учун айтилган ғоялар амалга ошиши керак”

20 август куни президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Тадбирда давлат раҳбари эълон қилган янгиликлар юзасидан америкалик ва хитойлик икки инвестор, шунингдек, икки нафар маҳаллий тадбиркор ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Азизхон Алижонов, “DAZA” Ўзбекистон–Болгария қўшма корхонаси раҳбари

— Шуни таъкидлаш керакки, мулоқот самимий ва дўстона руҳда ўтди. Тадбирдаги энг асосий ва муҳим нарсалардан бири – ернинг тадбиркорларга мулк қилиб сотилиши бўлди, деб ўйлайман. Бундан кейин тадбиркор ерининг қиймати бўлади, қиймати бор нарса эса нархланади. Шу пайтгача ер сотилмас эди ва бу тадбиркорларга бир қанча муаммолар туғдирарди.

Бундан ташқари, тадбиркорларни электр тармоғига улаш муддати 20 киловаттгача бўлган қувватлар учун – 10 кун, 50 киловатт қувватлар учун эса 20 кун этиб белгиланади. Агар электр таъминоти корхонаси ишларни муддатида якунламаса, улар тадбиркорларга компенсация тўлаши ҳақида гапириб ўтилди. Шу пайтгача электр таъминотини ўтказиш кўп муддат талаб этарди ва энг оғриқли нуқталардан бири ҳисобланарди.

Шу ўринда айтишим мумкинки, тадбиркорларни қийнаётган кўплаб муаммолар ижобий ҳал қилинди. Менда ҳам давлат раҳбарига таклиф билан чиқиш хоҳиши бор эди, лекин навбат тегмагани учун бунга имкон бўлмади. Хусусан, ўзим истиқомат қиладиган Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Яйпан шаҳрида канализация билан боғлиқ вазият тадбиркорларга ҳам, оддий аҳолига ҳам азоб бермоқда. Балки бу муаммо ҳам давлат раҳбарининг мамлакат инфратузилмасини ривожлантириш ҳақидаги топшириқларидан кейин ижобий ҳал қилинар.

Бундан ташқари, бизга яқин ҳудудлардаги кўплаб ёш қизлар ўқиш учун Қирғизистонга кетишяпти. Бу ҳам катта бир муаммо аслида. Шунинг учун яқин ҳудудлардан бирида хотин-қизлар учун бизнес мактаби ёки олий таълим муассасаси ташкил этилса, жуда яхши иш бўларди.

Ден Паттерсон, Жиззахдаги «Silverleafe International» компанияси директори (АҚШ)

— Охирги 3 йил давомида Ўзбекистонда тадбиркорлар ва бизнесменларга катта эътибор бериляпти. Менинг эътиборимни тортган нарса – давлат раҳбарининг шахсан ўзи ҳар бир тадбиркорга алоҳида эътибор бериб, у билан мулоқот қиляпти. 20 август куни президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотидан кейин амин бўлдимки, ҳар соҳадаги тадбиркорлар муаммолари тизимли ўрганилиб, уларга яхши шароитлар яратиб берилади. Шуни аниқ айтишим мумкинки, бу – бизнес бошланиши ва ривожланишини тезлаштиради.

Бундан ташқари, менга ўхшаган индивидуал тарзда бизнес билан шуғулланадиган одам учун бошқа ҳамкасбларим билан танишиш ва улар билан ўзимизни қийнаётган муаммолар юзасидан фикр алмашиш имконияти пайдо бўлди. Мен Ўзбекистондаги бизнес муҳити ўсишига оптимистик тарзда қарайман.

Чет элдан келадиган инвесторлар нафақат иқтисодий барқарорлик, балки мамлакатдаги сиёсий барқарорликка ҳам катта эътибор қаратишади. Мустақилликдан кейинги йилларда Ўзбекистоннинг бошқа давлатларга очилиши жуда секин кечди. Менинг оилавий алоқаларим борлиги учун Ўзбекистонга бошқаларга қараганда анча олдин келганман. Авваллари инвесторлар сони жуда кам бўларди. Охирги йилларда уларнинг миқдори анча кўпайди.

Ўзбекистонда ҳукумат томонидан кўплаб яхши лойиҳалар илгари сурилмоқда, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошаётганича йўқ. Агар илгари сурилаётган ғоялар амалга ошса, бошқа инвесторлар ҳам буни кўриб, Ўзбекистонга келиши тезлашади. Уларнинг ишончи ортади.

Бундан ташқари, ёшларга ўргатилаётган илмларни амалда қўллашга имконият яратиб ҳам бериш керак. Ўзбекистонда назарий ва амалий илмларнинг мутаносиблиги борасида муаммолар бор.

Бин Жунг, «Huaxin Cement Jizzakh» МЧЖ раҳбари (Хитой)

— Мен Жиззахда цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйганман. Бу соҳанинг муаммоларини жуда яхши биламан. Ўзбекистон президенти норуда қазилмаларга ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробарга камайтирилишини айтиб ўтди. Бу бизни жудаям хурсанд қилди. Менинг корхонамда 400 та ходим ишлайди. Шундан 100 нафари Хитойдан келган мутахассислар бўлса, қолган 300 таси маҳаллий ишчилар. Солиқнинг ўзига 16 миллион доллар тўлаганман.

Солиқ юкининг камайиши сабаб ортган пулни ишлаб чиқаришга ва компанияни янада кенгайтиришга қаратмоқчиман.

Шу билан бир қаторда, ҳаммаси зўр деб ҳам айта олмаймиз, ўзига яраша муаммоларимиз бор. Тез ҳал қилиниши керак бўлган масалалар жуда узоқ вақт талаб этади. Бу, айниқса, геология соҳасидаги ташкилотлар ва солиқ идораларида кўп учрайдиган ҳолат. Бизга ўхшаган хорижий тадбиркорларга битта маъсул ходимни ёки идорани бириктирса-ю, ўша орқали ҳамма ишларимизни ҳал қилсак. Натижада ҳам бизнинг корхона ривожланади, ҳам бизга қараб турган потенциал инвесторлар орқали янада кўпроқ сармоя жалб қилинарди.

Қодирхон Аҳмедов, «Turon Ferro Concrete Products», «Turon Eco Cement Group» МЧЖ ва Турон футбол клуби раҳбари

— Тадбиркорлик фаолиятимни 1995 йилда бошлаганман. Ўшанда “Ниҳол” деган фирмани очиб, ғишт ва гипс ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандим. Лекин тадбиркорлигимизнинг асосий ривожланган қисми сўнгги 5 йилга тўғри келади. Олдинлари бизда хавотир бор эди. Исталган пайтда қайсидир жиноятга алоқадорликда айбланиб, қамалиб кетишдан қўрқиб яшардик. Ишлаб чиқариб, сотган маҳсулотларимиз учун банкдан нақд пул ола олмасдик. Бу жуда катта муаммо эди. Чет элдан асбоб-ускуна олиб келиш учун валюта конвертацияси жиддий муаммо эди. Шу икки нарса ўзгаришининг ўзи кўп ишларимизнинг ижобий томонга силжишига катта туртки бўлди.

Охирги 4 йил ичида 3 та завод, битта ресторан очдик, футбол клуби ташкил қилдик. Ходимларимизнинг сони 1,5 мингдан ошди. Бугунги кундаги энг муҳим жиҳатлардан бири – бизда ишонч бор.

Эркин иқтисодий зонада корхоналаримиз бор. Охирги пайтларда берилган имтиёзлар тугатилиб, солиқ тўлайсизлар деган гаплар кўпайганди. Аммо давлат раҳбари ушбу имтиёзларнинг ҳам сақлаб қолинишини таъкидлади.

Олдинлари завод қуриш учун ерни ҳокимликдан вақтинчалик ижара ҳуқуқи асосида олардик, ер хусусий мулк эмасди. Эндиликда ернинг хусусий мулкка айланиши натижасида уни бозор муносабатларига киритишимиз мумкин. Файдаланаётган еримизнинг баҳоси пайдо бўлди.

Охирги пайтда четдан катта миқдорда цемент импорт қилиш бошланганидан кейин, рақобатда муаммолар пайдо бўлаётганди. Ушбу соҳада солиқларнинг икки бараварга қисқартирилиши натижасида маҳсулотларимизнинг таннархи пасаяди ва четдан келаётган маҳсулотлар билан нарх борасида ҳам эркин рақобат қила оламиз. Бизга бозорда катта муаммолар бор эди. Эндиликда савдога анча арзон нархларда цемент чиқариш имконияти пайдо бўлмоқда.

Достон Аҳроров суҳбатлашди.

Мавзуга оид