Жаҳон | 22:06 / 26.08.2021
55328
7 дақиқада ўқилади

Теракт қурбонлари орасида америкаликлар бор, Кобулдан сўнгги рейслар учмоқда. Афғонистондан сўнгги хабарлар

Кобулда иккита портлаш содир бўлган, бири аэропортга кириш қисмида ва иккинчиси аэропорт яқинидаги меҳмонхона олдида. Сўнгги маълумотларга кўра, 40дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 130дан ортиқ киши яраланган.

Пентагон расмийси Жон Кирби қўшимча маълумот берди. У аниқ рақамларни келтирмаган ҳолда Кобулдаги портлашда афғонистонликлар ҳам, америкаликлар ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлади.

«Толибон» ушбу ҳодисани теракт сифатида баҳолади. Ҳаракат расмийси Забиҳулло Мужоҳиднинг маълум қилишича, Кобулда икки теракт рўй берган, биринчи портлашда 52 киши яраланган, қурбонлар сони ҳозирча аниқ эмас.

Аммо интернетда тарқалаётган суратлар ва видеолар (уларда жасадлар уюлиб ётганини кўриш мумкин) орқали қурбонлар сони ОАВда айтилганидан анча кўпроқ эканини тахмин қилиш мумкин. Аввалроқ бир неча нашрлар 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзишганди.

Ғарб давлатлари расмийлари «жуда кўп» киши жароҳатлангани ҳақида айтмоқда. Al-Jazeera маълумотига кўра, камида 70 киши жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига асосланиб тарқатилган сўнгги хабарларга кўра, портлашлар қурбонлари сони 50 нафарга яқин, камида 130 киши яраланган.

WSJ маълумотига кўра, қурбонларнинг тўрт нафари Америка ҳарбийлари.

Портлашларни ИШИД террорчилари содир этган
Кобул аэропортига кириш қисмида террорчи худкуш портловчи қурилмани ишга туширган. Гувоҳлар иккинчи террорчи атрофга тартибсиз равишда ўқ сочгани ҳақида айтишган.

Wakil Kohsar / AFP/ Scanpix / LETA

Бу вақтда аэропорт деворлари остида хорижга чиқиш учун ҳужжатлар тайёрлаган минглаб афғонлар тўпланиб турган.

Baron меҳмонхонаси атрофида эса портловчи моддалар ўрнатилган юк машинаси портлатилгани айтилмоқда.

ИШИД ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни зиммасига олди ва навбатдаги терактлар билан таҳдид қилди. «Толибон» билан ёвлашиб келадиган мазкур ташкилот террорчилари Афғонистон ислом амирлигини инкор этиб, мамлакатда Хуросон давлати тузишга чақирди.

Терактлар давом этиши мумкин
Франциянинг Афғонистондаги элчиси Давид Мартинон одамлардан аэропорт атрофидан кетиш ва хавфсиз жойга яширинишни сўрамоқда. У катта эҳтимол билан такрорий портлашлар бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

«Барча афғон дўстларимга мурожаат қиламан: агар айни вақтда аэропорт атрофида бўлсангиз – кетинг ва хавфсиз жой изланг. Яна портлашлар бўлиши мумкин», деган у твиттерида.

Франция президенти Эммануэл Макрон хавфли бўлиб қолган Кобулдаги элчихонани ёпиш ҳақида ўйламоқда.

Британия ҳукумати портлаш қурбонлари орасида британияликлар йўқлигини маълум қилди.

Fox News корреспонденти Жаки Ҳейнрих ўз манбасига асосланган ҳолда аэропорт атрофида «Хуросон вилояти» террорчи гуруҳининг «юзлаб жангчилари» тургани ва яқин вақтлар ичида янги ҳужумлар бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.

Байден портлаш туфайли Беннет билан учрашувни қолдирди
АҚШ президенти Жо Байден Кобулдаги теракт туфайли Исроилнинг янги бош вазири Нафтали Беннет билан режалаштирилган илк учрашувини қолдирган.

Бу сиёсатчиларнинг илк учрашувида Исроил ва АҚШ муносабатларининг янги формати белгилаб олиниши мумкинлиги айтилаётганди. Кузатувчилар Афғонистондаги вазият уларнинг мулоқотига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтишган, Байден ва унинг маъмурияти учун айни вақтда энг жиддий чақириқ Афғонистон масаласи бўлиб турибди.

Беннет Вашингтонга учиши олдидан АҚШга Эрон билан муносабатлар бўйича янгича ёндашувни тақдим этишини айтганди.

Айни вақтда Байден, Блинкен ва Пентагон раҳбари Остин Оқ уйдаги махсус хонада шошилинч йиғилиш ўтказмоқда.

Теракт ҳақидаги огоҳлантиришлар

АҚШ ва иттифоқчилари эвакуация жараёни якунлаша боргани сари вазият мураккаблаша бошлади. «Толибон»нинг қатъий талаблари остида АҚШ эвакуациянинг сўнгги муддати - 31 август санасини узайтирмаслик бўйича қарор қабул қилди.

Чоршанба куни кечқурун Буюк Британия ТИВ ва Американинг Кобулдаги элчихонаси фуқароларни огоҳлантириб, нима бўлганда ҳам аэропортга мустақил келмаслик, келиб бўлганлардан зудлик билан аэропорт атрофидан кетиш, хавфсиз жойга яшириниш ва кейинги кўрсатмаларни кутиш сўралди. Британия ТИВ буни теракт хавфи юқори экани билан изоҳлади.

Форин-офис аввалроқ британияликларга Афғонистонга бормасликни қатъий тавсия этиб, буни ҳам мамлакатда террорчилик хавфи юқори экани билан изоҳлаганди.

Европа давлатлари эвакуацияни якунламоқда. Кобулдан сўнгги рейслар учади
Кобул аэропортида хавфсизлик билан боғлиқ ҳолат ёмонлаша бошлагач, Европа давлатлари эвакуацияни янада жадаллаштирди. Дания ва Нидерландия пайшанба куни сўнгги рейсларни амалга оширмоқда. Нидерландия ҳукуматидаги манбанинг айтишича, АҚШ шундай қилишни сўраган.

Бельгия ҳукумати сўнгги эвакуация рейси чоршанба куни кечқурун Кобулдан Исломободга учгани ва шу билан ушбу мамлакат Кобулдан одамларни олиб чиқиш бўйича операциядаги иштирокини якунлаганини маълум қилди.

Германия ҳозирча кейинги режаларини маълум қилмаган, аммо айрим манбалар бугунга режалаштирилган тўртта рейс сўнгги рейслар бўлишини айтишган.

Франция бош вазири Жан Кастекс миллий телевидение орқали чиқишида, жума куни кечқурун Кобулдан французларнинг сўнгги рейси учишини маълум қилган.

Воқеа жойидаги гувоҳлар аэропортга одамларни ташиётган автобуслар постдан ўтишга рухсат берилишини кутиб 24 соатгача қолиб кетмоқда. Нидерландиядаги нашрлардан бири хабарига кўра, шу мақсадда буюртма қилинган автобус толиблар томонидан тўхтатилгач, ундан етти киши тушириб қолдирилган, бунга уларда Нидерландия паспорти бўлмагани сабаб бўлган.

«Хуросон вилояти»
Бир неча кун олдин АҚШ президенти Жо Байден ISIS-K номидаги гуруҳни тилга олиб, ушбу гуруҳ эвакуация учун хавф туғдириши мумкинлигини айтганди.

ISIS-K - бу ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими ҳисобланади. Буква «K» ҳарбий «Хуросон вилояти»ни ифодалайди - бугунги Афғонистон ва Покистоннинг катта қисми қадимда шундай аталган. Аввалига ISIS-K ҳар икки мамлакат ҳудудида ҳам фаолият олиб борарди, аммо 2019 йилда экстремистлар «Покистон вилояти» учун алоҳида бўлим ташкил этади.

Ушбу гуруҳга 2015 йилда асос солинган, унинг сафи асосан «Толибон»нинг собиқ афғонистонлик ва покистонлик аъзолари билан тўлдирилган. Улар Афғонистондаги «Толибон» ҳаракати вакилларини муртадлар деб ҳисоблашади.

Сўнгги йилларда бу гуруҳ Афғонистон ҳукумати ҳарбийлари, шиалар, сикҳлар ва НАТО аскарларига қилинган қатор ҳужумлар учун жавобгарликни зиммасига олган.

ИШИД сўнгги йилларда йўқ бўлиб қолмади ва минтақадаги воқеаларга муносабат билдириб келди. Гуруҳ толиблар ва АҚШ ўртасидаги тинчлик келишувини тан олмаган ва Афғонистон толиблар томонидан эгалланишини америкаликларнинг ён бериши натижаси ҳисоблайди.

2019 йилда ISIS-K қатор ҳарбий мағлубиятларга учрайди, ўтган йили эса гуруҳнинг бир неча етакчиси йўқ қилинади, аммо жорий йилда толиблар ва Ашраф Ғани ҳукумати ўртасидаги музокаралар фонида бир неча йирик терактлар амалга оширишганди.

Мавзуга оид