Ўзбекистон | 12:08 / 30.08.2021
29909
4 дақиқада ўқилади

«Мен Шавкат Мирзиёевни президентлик лавозимини кабинетдан халқ орасига олиб чиққани учун ҳурмат қиламан» — Иброҳим Ғафуров

Ёзувчи таржимон, танқидчи, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров Кўксарой қароргоҳида тақдирлаш маросимида президент Шавкат Мирзиёев ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

«Менга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони жаҳон мумтоз ёзувчиси Фёдор Достоевский таваллудининг 200 йиллигида берилаётганида ҳам адабиётга эътибор, рамзий маънолар кўраман. Чунки мен 30 йил давомида бу ёзувчининг асарларини ўзбекчага ўгирдим. Қаранг, нафақат ёзувчи, балки таржимон ҳам муносиб кўрилиб, шундай юксак мукофот берилмоқда.

Мен президентимизни нима учун ҳурмат қиламан – Шавкат Миромонович 5 йил аввал президентликка киришганидан бошлаб ўз лавозимини кабинетдан халқ орасига олиб кирди. Узоқ қишлоқларга, таълим аудиторияларига, қўшни давлатлар қалбига кириб борди бу инсон», деди Иброҳим Ғафуров.

Президент ҳам адабиётшунос олим ҳақида илиқ фикрлар билдирган.

«Ўзбек адабиётининг забардаст намояндаси, атоқли таржимон Иброҳим ака Ғафуров тимсолида адабиётимизнинг пок, ҳалол, камтарин катта вакилини кўраман. Бу инсон бутун умр меҳнат қилди, умри шукроналикда ўтди.

Ҳозирги кунда ҳам кўплаб шоир ва ёзувчилар, таржимонлар Иброҳим акани адабиёт соҳасидаги устозим дейди, унга муносиб шогирд бўлишга ҳаракат қилади.

Иброҳим акага ўхшаган ҳалол инсонлар бизга ўрнак бўлиши керак. Ҳаётда, меҳнатда, умрда. Битта стол, ручка ва битта хона. Бошқа бирор нарсани бу инсон ўзи учун эп кўрмаган. Мана шундай инсон албатта Ўзбекистон Қаҳрамони бўлишга лойиқ», деди давлат раҳбари.

  • Иброҳим Ғафуров 1937 йил 27 декабрда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. 1956-1961 йилларда САГУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факултетида ўқиган. 1961-1982 йилларда Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган. 1995 йилда «Миллий тикланиш» демократик партиясини ташкил этиш ташаббускори бўлган. У 1996 йилдан мазкур партиянинг раиси, «Миллий тикланиш» газетасининг бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Ғафуров «Гўзалликнинг олмос қирралари» (1964) «Унутилмаган боғ» (1965), «Жозиба» (1970), «Ёнар сўз» (1973), «Ям-яшил дарахт» (1976), «Юрак -аланга» (1980), «Лириканинг юраги» (1982), «Шеърият — изланиш демак» (1984), «Ўттиз йил изҳори» (1987), «Тил эркинлиги» (1998) сингари адабий танқидий, бадиа китоблар муаллифи. Иброҳим Ғафуров жаҳон адабиётининг «Жиноят ва Жазо», «Телба», «Қиморбоз» (Доcтоевский), «Азизим» (Мопассан), «Алвидо, қурол», «Чол ва Денгиз» (Э.Ҳемингуэй), «Қиёмат», «Чингизхоннинг оқ булути» (Чингиз Айтматов), «Ёнғин» (В.Распутин) сингари асарларини ўзбек тилига таржима қилган. И. Ғафуров филология фанлари номзоди (1973), Ўзбекистон ёшлари мукофоти (1989) лауреати, «Дўстлик» ордени соҳиби (1995).

Мавзуга оид