Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда «Муборак деҳқон бозори» раисига жиноят иши қўзғатилиб, иш судга оширилди
Қашқадарё вилояти Муборак туманида жойлашган «Муборак деҳқон бозори» МЧЖ раиси ва бошқаларга Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Вилоят прокуратураси матбуот хизматининг хабар беришича, жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.
Маълум қилинишича, «Муборак деҳқон (озиқ-овқат) бозори» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси ва бошқа тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Тергов давомида аниқланишича, бозор раиси Д.Қ. жамият таъсисчиларининг розилигини олмасдан, 2017-2018 йиллар қиш-баҳор фаслида аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш борасида захира яратиш учун «Миллий банк»нинг Муборак туман бўлимидан 6 ой муддатга 420 миллион сўм кредит маблағи олган. Сўнг турмуш ўртоғи Ш.А. эгалигидаги МЧЖ билан шартнома тузиб, банкдан олинган кредит маблағини маҳсулотлар сотиб олиш учун унинг ҳисобрақамига ўтказган.
Қайд этилишича, Д.Қ. турмуш ўртоғига тегишли корхонадан 191 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини қиммат нархларда харид қилган. Белгиланган шароитларда сақланиши таъминламаганлиги оқибатида 191 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмолга яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлган.
Бундан ташқари, Д.Қ. сотиб олинган маҳсулотлар ўз вақтида реализация қилинмагани туфайли кредит тўловларини тўламаган. Шундан сўнг ундирувни кредитга гаров сифатида қўйилган МЧЖга тегишли кўчмас мулк биносига қаратиш ҳақида суд қарори чиққан. Д.Қ. суд қарори ижросини таъминлаш ўрнига, МЧЖ таъсисчиларининг розилигини олмасдан қарздорликни бозорнинг кунлик тушуми ҳисобидан тўлаб борган. Оқибатда бозор ишчи-хизматчилари иш ҳақи ва таъсисчилар дивиденд олмасдан қолишига сабабчи бўлган.
Тергов натижасига кўра, Д.Қ.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалари билан айблов эълон қилиниб, жиноят иши 2021 йил 24 июль куни суд муҳокамасига юборилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Муборак тумани судида кўрилмоқда.
Таъкидланишича, Д.Қ.нинг «Муборак деҳқон (озиқ-овқат) бозори» МЧЖ собиқ раиси Х.Ж. томонидан 2015 йилда жамият таъсисчилари улушига асоссиз ўзгартириш киритилгани ҳақидаги важи юзасидан Муборак туман прокуратураси томонидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.