Ўзбекистон | 12:58 / 08.09.2021
9303
2 дақиқада ўқилади

Баҳром Абдуҳалимов «Адолат» партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди

“Адолат” партиясидан президентликка номзод тасдиқланди. Баҳром Абдуҳалимов номзоди партия аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Фото: KUN.UZ

Бугун, 8 сентябрь куни Тошкентда “Адолат” СДПнинг Х қурултойи бўлиб ўтди. 

Kun.uz мухбири хабарига кўра, тадбирда 24 октябр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловида партия томонидан иштирок этадиган номзодни тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, делегатлар "Адолат" партияси марказий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовни президентликка номзод сифатида маъқуллашди.

Маълум қилинишича, номзод 2020 йилдан бошлаб партия раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Баҳром Абдуҳалимов 1959 йил 27 февралда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат университетини тамомлаган (1981 йил). Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида кичик, катта илмий ходим, бўлим бошлиғи, илмий котиб, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, директор, Ўзбекистон президенти давлат маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган. Тарих фанлари доктори, Марказий Осиё тарихи ва шарқшунослик соҳасидаги олим.

У 2011-2020 йилларда Фанлар академияси вице-президенти лавозимида ишлаган. 2020 йилнинг октябрида “Адолат” СДП сиёсий кенгаши раиси этиб сайланган.

Ўзбекистон президенти сайлови кампаниясига 23 июль куни старт берилди. Сайловларда 5 та партия – “Адолат” СДП, “Миллий тикланиш” ДП, ЎзЛиДеП, ХДП ва Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодини илгари суриш ҳуқуқига эга. Сайлов 24 октябрь куни бўлиб ўтади.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид