Ўзбекистон | 12:48 / 09.09.2021
7284
3 дақиқада ўқилади

Энди қарор ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбурияти уни қабул қилган мансабдорнинг ўзига юкланади — Шавкат Мирзиёев

Мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизими такомиллаштирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Бу борада маъмурий суднинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида, унинг ваколатлари кенгайтирилади. Шунингдек, маъмурий судларга давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколати берилади.

Бундан ташқари, энди қарор ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбурияти уни қабул қилган мансабдорнинг ўзига юкланади. Мансабдор шахслар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан “ошиб борадиган” жарима ва бошқа ҳуқуқий чораларни қўллаш тартиби киритилади. Шу орқали шикоятлар сонининг камида 2 баробар қисқаришига эришиш мумкин. 

Судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилади. Яъни, бундан буён, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилинади. Бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўяди.

Прокуратура фаолияти фуқароларнинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга йўналтирилади. “Қонун – устувор, жазо – муқаррар” деган принцип прокуратура органлари фаолиятининг бош мезони бўлиши зарур. Бунинг учун 20 йил аввал қабул қилинган “Прокуратура тўғрисида”ги қонун ўрнига мамлакатда қонунийликни қатъий таъминлайдиган, очиқ ва адолатли прокуратура тизимининг янги ҳуқуқий асосларини яратиш лозим.

Ички ишлар органларини халққа ва ҳар бир оилага янада яқинлаштириш, бу тизимни чин маънода халқчил тузилмага айлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз. Айниқса, бу соҳани маънавий пок, ўз бурчига содиқ, халқпарвар ва масъулиятли ходимлар билан тўлдириб боришга алоҳида эътибор қаратамиз. Бундан буён ички ишлар органлари фаолиятини баҳолашда аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш натижадорлиги асосий мезон этиб белгиланади. 

Маълумки, қаерда камчиликлар рўй-рост айтилмас экан, у жойда ижобий ўзгариш бўлмайди. Шунинг учун, соҳани ижтимоий фикр асосида холис баҳолаш мақсадида, Ички ишлар вазирлигининг барча поғоналарида Жамоатчилик кенгашлари тузилади. Ички ишлар ходимларининг “Касбий маданият кодекси”ни қабул қилиш ва жорий этиш ушбу тизимда ўз хизмат бурчига нисбатан масъулият ҳиссини оширишда муҳим роль ўйнайди, деб ҳисоблайман”, деди президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид