Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилиши режалаштирилмоқда
Ўзбекистонда келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси турибди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон либерал-демократик партияси қурултойида маълум қилди.
“Шу тариқа 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратган бўламиз.
Албатта, бу осон вазифа эмас. Бунга эришиш учун, аввало, иқтисодиётда илм ва инновацияларга асосланган ривожланиш ҳисобидан янги технологиялар ва қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш орқали меҳнат самарадорлигида туб ўзгаришлар қилишимиз шарт.
Шу мақсадда, биринчидан, келгуси беш йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади. Буни, аввало, “драйвер” соҳаларда “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида саноат кластери тизимини ривожлантириш орқали йўлга қўямиз.
Мисол учун, мис саноати кластерини ташкил этиш билан келгуси беш йилда мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага кўпаяди ҳамда 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилади. Навоий, Олмалиқ ва Бекобод металлургия корхоналарида қатор йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига қўшимча 10 миллиард долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш таъминланади. Шунингдек, табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Яқинда “Навоийазот” корхонаси негизида Марказий Осиёда биринчи йирик кимё технологик кластери ташкил этилганидан хабарингиз бор. Келгуси йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятларида яна 5 та кимё технологик кластер ташкил этилади ва уларда умумий қиймати қарийб 7 миллиард долларлик 40 дан зиёд истиқболли лойиҳалар амалга оширилади.
Ушбу лойиҳалар учун ёш, замонавий билимларга эга кадрлар ва олимларни тайёрлаш мақсадида Тошкентдаги Улуғбек шаҳарчасида кимё соҳасида илмий ва таълим кластери ташкил этилади.
Саноатни ресурс базаси билан таъминлаш учун геология-қидирув ишлари ҳажми кескин оширилади, соҳага хусусий инвесторлар ва илғор хорижий компаниялар кенг жалб қилинади. Бунда, ерости бойликларидан фойдаланиш учун солиқ ставкалари норуда қазилмалар бўйича – 2 мартага, табиий газ бўйича – 3 мартага, нефт бўйича – 2 мартага камайтирилади. Шунингдек, ушбу солиқ мис ва олтин бўйича – 7 фоизгача пасайтирилади.
Илм-фанни ривожлантириш орқали саноат тармоқларига энг замонавий технологияларни кенг жорий этиш дастурлари ишлаб чиқилади ва амалга оширилади”, деди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
16:30 / 04.04.2026
Уйма-уй ёрдам ва ижтимоий акциялар: «Халқ билан бирга» дастури қандай амалга оширилади?
23:15 / 24.08.2025
Мирзиёев Зеленскийга табрик йўллади
14:05 / 06.03.2025
Ўзбекистон учун халқаро даражадаги 10 000 нафар молия мутахассисини қандай тайёрлаш керак?
20:00 / 11.09.2024