21:36 / 14.09.2021
14673

Олимлар 6 йилдан кейин мамонтларни олишни режалаштирмоқда

Биология ва генетика соҳасида ташкил этилган янги компания Colossal йўқ бўлиб кетган баъзи жонзотларни жонлантириш бўйича режаларини тақдим қилди ва уларни амалга оширишни мамонтларни жонлантиришдан бошламоқчи. Бу ҳақда CNBC телеканали хабар берди.

Мамонтларни тиклаш ғояси 10 йилдан кўпроқ вақтдан бери муҳокама қилинади. 13 сентябрда компания ўзининг орзусини рўёбга чиқаришга имкон берувчи қўшимча молиявий кўмак олганини эълон қилган. Компания ўз лойиҳасига 15 млн доллар йиға олган.

Компания олимларининг таъкидлашича, мамонтларни қайта тиклаш Арктикани қутқариш, издан чиққан экотизимларни тиклаш ва иқлим ўзгаришини секинлаштиришга ёрдам беради. Олимлар 6 йилдан кейин табиатда биринчи мамонтнинг пайдо бўлишини кутишмоқда.

Colossal тадбиркор Бен Лэмм ва таниқли генетик олим ҳамда молекуляр муҳандис, Гарвард тиббиёт мактаби профессори Жорж Черч томонидан ташкил этилган. Бунгача Черч жамоаси мамонт генларини Осиё фили териси ҳужайралари ДНКси билан бирлаштириш бўйича тажрибалар билан шуғулланган ва Осиё фили мамонтга ўхшашлиги сабабли бунда баъзи муваффақиятларга эришган. Компанияда ушбу тадқиқотларни давом эттириб, лаборатория шароитларида фил ва мамонт гибридини олиш режалаштирилмоқда.  

Лойиҳа Осиё филларини уларга Арктиканинг катта ҳудудларида яшашга имкон берувчи хусусиятлар билан таъминлаб, сақлаб қолишга қаратилган.

Черчнинг таъкидлашича, Осиё фили йўқ бўлиб кетиш ёқасида турибди. “Бу турга икки нарса хавф солмоқда. Биринчиси - бу герпес вируси, иккинчиси эса одамларга яқинлиги. Шу сабабли биз бу икки ҳолатни тузатиб, ушбу турга янги яшаш жойини беришга қарор қилдик. У ерда катта ерлар бор ва деярли одамзот йўқ. Булар Канаданинг шимолий туманлари, Аляска ва Сибирь”, деб айтган профессор. Ирсий модификация қилинган Осиё фили герпес вирусига қарши кураша олиш ва паст ҳароратларни кўтара олиш хусусиятлари билан таъминланади. Олимлар лабораторияда олишни мўлжаллаётган фил мамонт каби кўринишга эга бўлади ва ўзини у каби тутади.

Мавзуга оид
Top