2021 йил 15 август. Толибон Жалолободда.
Фото: Getty Images

Толиблар мамлакатдаги илк йирик шаҳарни эгаллашидан Кобул дарвозаларигача етиб бориши учун ўн кун кифоя қилди.

Аммо ўша паллаларда пойтахтдаги вазият бутунлай бошқача кечадигандек эди. Таҳлилчиларнинг кўпчилиги Кобул қандайдир тинчлик келишуви тузилгунча туриб бера олишига ишонч билдирганди. Аммо 15 август куни барчаси ўзгариб кетди. Бир неча соат ичида президент ва олий мартабали амалдорлар мамлакатдан қочиб кетишди. Афғон армиясининг қолган қисми ва полициячилар формаларини ечиб, яшириниш пайига тушишди.

Ғарб мададига таяниб яшаб келган афғон ҳукумати том маънода тарқалиб кетди – сарфланган триллионлаб долларлар, ҳарбий ёрдамлар ва йигирма йил мобайнида хорижлик мутахассислар томонидан берилган сабоқларга қарамай.

Бу воқеалар иштирокчилари билан суҳбатлашган BBC журналистлари афғон ҳукумати қандай қилиб бир неча соат ичида мавжудлигини йўқотгани, ҳаммаёқни хаос ва умидсизлик қамрагани картинасини тузишди.

14 август, шанба

Юқори мартабали манбалардан бирининг BBC’га маълум қилишича, президент Ашраф Ғани атрофидаги доираларда ташвишли муҳит юзага келган, аммо ҳеч қандай ваҳима йўқ эди. Пойтахтни ҳимоя қилиш режаси ишлаб чиқилган ва унинг деталлари Афғонистон армияси бош штаби бошлиғи, генерал Ҳайбатуллоҳ Ализай ҳамда мамлакатдаги энг нуфузли америкалик қўмондон Питер Вейсли томонидан муҳокама қилинган. Режанинг асосий элементи толибларнинг юришини Кобул остонасида тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказиш эди.

14 август куни президент Ашраф Ғани ва мудофаа вазири Бисмилла Хон Муҳаммадий Кобулдаги қўшинларни кўздан кечирди.
Фото: Reuters

Кобул хавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ишчи гуруҳ раҳбарлигига афғон армиясининг мамлакатдаги энг йирик вилоят бўлган Ҳилманддаги кучларининг собиқ қўмондони Сами Саодат таклиф этилади. Режа зарурат туғилганда ҳарбий ҳаракатларга киришишни, аммо идеал ҳолатда «Толибон» билан тинчлик келишувини тузишни назарда тутар эди. Сулҳ тузишга эришилмаса ҳам Кобулдаги маъмуриятда эвакуация учун вақтдан ютиш имкони бўларди.