BBC корреспонденти Секундер Кирмоний Афғонистон шимолига қайтди ва ҳокимият алмашинувидан тўрт ҳафтадан ошиқ вақт ўтиб оддий одамлар ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй берганини кузатди.
Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида юк поезди Амударё устидан ўтиб, янги ташкил этилган Ислом Амирлигига киради. «Толибон»нинг қора-оқ ранглардаги байроғи ўзбеклар байроғи билан ёнма-ён ҳилпирайди.

Маҳаллий аҳолининг бир қисмига толиблар ҳукмронлиги остидаги ҳаёт маъқул, яна бир қисми эса бунга кўникиши қийин кечмоқда.
Буғдой ортилган юк машинаси ҳайдовчисининг айтишича, у аввалги даврда блокпостлардан ўтишда доимий равишда порахўр полициячиларга пулининг бир қисмини беришга тўғри келганини айтади.
«Энди бундай эмас. Мен бир афғоний бермасдан Кобулга етиб боришим мумкин», дея мамнуният билан сўзлайди у.
Шу билан биргаликда, мамлакатда иқтисодий инқироз етилмоқда ва нақд пул танқислиги юзага келган.
Тадбиркорлардан бири ташқи савдо тўхтаб қолгани, чунки афғон импортёрларига олиб кирилган маҳсулотлар учун ҳеч ким ҳеч нарса тўламаётганини айтиб ўтди.
Ҳайратон портидаги божхона хизмати раҳбари Маулви Сайиднинг айтишича, «Толибон» импорт божларини камайтириб, мамлакатга яна бадавлат савдогарларни жалб этишга интилмоқда. «Одамлар ишли бўлади, тадбиркорлар эса келгусида бунинг мукофотини олади», дея қайд этган у.
Чегарадан чамаси бир соатлик йўлда Афғонистоннинг тўртинчи йирик шаҳри Мозори Шариф жойлашган. Ташқаридан қараганда бу ерда барчаси жойидадек кўринади, аммо кўпчилик қашшоқлашган.

«Мозори Шарифнинг маданий юраги, кошинлардан моҳирлик билан бино этилган Мовий масжид томон йўл оламан. Бу ерда мен сўнгги бор август ойи бошида, толиблар келишидан бироз аввалроқ бўлгандим. Ўшанда масжид атрофи ёшлар билан гавжум бўлиб, ҳар томонда йигит-қизлар селфига тушишарди.
Ҳозир эса толиблар бу ерга ташриф буюриш учун чекловлар ўрнатишган: аёллар фақат тонгда, эркаклар эса куннинг қолган қисмида келиши мумкин. Биз «аёллар вақти»да келиб қўйибмиз. Масжид атрофида сайр қилиб юрган афғон қиз-аёлларни учратиш мумкин, аммо аввалгидек кўп ҳам эмасди. «Барчаси жойида, шунчаки одамларга янгиларга кўникиш учун вақт керакдек кўринмоқда», дея мужмал жавоб билан изоҳлайди улардан бири.




















