Жаҳон | 23:08 / 21.09.2021
31123
3 дақиқада ўқилади

“Дунё тақдирини ҳал қилувчи ўн йиллик бошланмоқда”. Байден БМТ Бош ассамблеясида илк мурожаат билан чиқиш қилди

АҚШ президенти ўз чиқишида иттифоқчилар билан муносабатлар, Хитой, Афғонистон, Эрон мавзуси ҳамда бошқа муаммоларга эътибор қаратди.

Фото: Eduardo Munoz/Pool / Reuters

Жо Байден АҚШ президенти сифатида БМТ Бош ассамблеясидаги илк мурожаатида бутун дунё учун ҳал қилувчи ўн йиллик бошланаётганини айтди ва унинг мамлакати барча иттифоқчилик мажбуриятларини бажаришига ваъда берди.

Сўнгги вақтда Вашингтон ва унинг доимий иттифоқчилари орасидаги муносабатлар қийин даврни бошидан кечирмоқда. Америка ҳарбийлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан сўнг вазият янада кескинлашди, бу Байден ва унинг маъмурияти ғарблик ҳамкорлар ҳамда ўз ватанидагиларнинг кескин танқидига сабаб бўлди.

Бунинг ортидан сувости кемалари қуриш тўғрисидаги келишув сабабли АҚШ, Австралия ва Франция ўртасида дипломатик можаро келиб чиқди. Франция раҳбарияти Америка ва Австралиянинг ҳаракатини “ортдан пичоқ уриш” деб баҳолади ва ўз элчиларини бу икки мамлакатдан чақириб олди. 

Байденнинг президентлик сайловолди кампанияси “Америка қайтди” деган шиор атрофида қурилган, бу Доналд Трампнинг изоляцион йўналишининг бутунлай аксини англатиши лозим эди.

Аммо Байденнинг саккиз ойлик президентлик даври анча баҳсталаб деб ҳисобламоқда айрим экспертлар.

“Биз ҳар доимгидан ҳам жипслашган ҳолда ишлашимиз кераклигига ишончим комил, – деди Байден Бош ассамблеядаги мурожаатида. – Бизнинг муваффақиятимиз бошқаларнинг муваффақиятига боғлиқ”.

АҚШ ва Хитой орасида давом этаётган кескинлик ҳақида гапираркан, Байден Вашингтон совуқ урушга ёки дунёни бўлиб олишга уринмаётгани, аммо ўзининг ва иттифоқчиларининг манфаатларига нисбатан тажовузлардан ҳимояланишини айтди. 

Эрон билан муносабатларга тўхталаркан, у АҚШ Теҳрон билан ядровий келишувга қайтишга тайёрлигини билдирди

“Биз Эронни ядровий келишувга амал қилишга дипломатик йўл билан қайтариш мақсадида 5+1 гуруҳи билан ишлаяпмиз. Агар Эрон келишувга тўлиқ риоя қилишга тайёр бўлса, биз ҳам бунга тайёрмиз”, — деди АҚШ президенти.

У Афғонистон борасида ҳам фикр билдирди.

“Афғонистонда 20 йиллик низо якунланди. Урушнинг бу даврини ёпар эканмиз, ривожланиш ва демократияни янгилаш мақсадида фойдаланиладиган тўхтовсиз дипломатия даврини очамиз”, – деди Байден.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ қуролли кучларидан жаҳон майдонида фақат ўта зарур ҳоллардагина фойдаланиши лозим: “Армия муаммони ҳал қилишда биринчи эмас, балки охирги восита бўлиши керак”.

Байден дунёдаги ҳамма муаммолар ҳам куч ёрдамида ечилмаслигини қайд этди.

“Бомбалар ва ўқлар бизни COVID-19 ва унинг келгусидаги штаммларидан қутқара олмайди”, – деди АҚШ президенти.

21 сентябрь куни Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасидаги умумий мунозаралар бошланди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам чиқиш қилди.

Мавзуга оид