Самарқанд шаҳрида янги «рекорд»: уйи «снос» қилинган онахонга компенсация учун ер берилмаётганига 15 йил бўлди
Сайтимизда бир муддат аввал Самарқанд шаҳрида 12 йил муқаддам бузилган мулки учун компенсация тариқасида ер майдони ажратиб берилмаётган 69 ёшли Нажми Амриевнинг мурожаатини ёритган эдик.
Воқеа тарихи нақадар кўҳналигини билдириш учун ҳазиломуз таққос сифатида «снос» рўй берганда ҳали Лионел Месси бирорта «Олтин тўп» олмаганини келтирган эдик.
Худди шунга ўхшаш масалада Гулнора Кулиева таҳририятимизга мурожаат қилиб келди. Онахоннинг турар жойлари 2006 йилда бузиб ташланган. Бузилган уй-жойлар эвазига берилиши керак бўлган атиги 4 сотих ер майдони ҳанузгача Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан берилмасдан келмоқда. Бу воқеа рўй берганида ҳали Криштиану Роналду у ёқда турсин, Кака ҳам «Олтин тўп» олмаган эди.
Маълум бўлишича, Г.Кулиевага тегишли бўлган Самарқанд шаҳри Уста Умар Жўрақулов кўчасида жойлашган 25-уй 2006 йилда Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмини реконструкция қилиш, «Шоҳи Зинда» тарихий мажмуаси атрофини таъмирлаш ва ободонлаштириш асносида бузилган.
Қайд этиш лозимки, уй-жойлардан «тозаланиб» ободонлаштирилган мазкур ҳудуд айни пайтда Ҳазрати Хизр масжидидан пастроқда, марҳум Ислом Каримов мақбараси этагида жойлашган.
Хуллас, Самарқанд шаҳри ҳокимини Суҳроб Рафиқовнинг 2006 йил 15 июндаги №719-Қ сонли қарори билан бузилган уй учун товон тариқасида собиқ терини қайта ишлаш заводи (халқ тилида — кожзавод) ҳудудидан 400 квадрат метр ер ажратиш кўрсатилган.
Бироқ «кожзавод» ҳудудида ер қолмагани сабабли унга бошқа жойдан ер ажратиб берилиши айтган ва орадан 15 йил ўтса-да, ер майдони ажратилмасдан келмоқда. Тўғри, ушбу манзилда рўйхатда турганлар учун ўша пайтда кўп қаватли уйлардан квартиралар ажратилган, товон пули ҳам тўланган. Лекин ваъда қилинган ер майдони берилмаган. Унинг ўрнига бошқача кўринишда мулк ёки пул ҳам тўланмаган.
Ваъда қилинган ердан кечишни истамаган Гулнора Кулиева саноқсиз мурожаатлар қилгани, ҳар сафар қўйни пуч ёнғоқларга тўлдириб жўнатилганини батафсил гапириб ўтирмайлик. Бунда муболаға йўқлиги шундоқ ҳам аён.
У судларга мурожаат қилади ва ниҳоят, 2019 йил 4 октябрда Пахтачи туман маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан унинг аризаси қаноатлантирилади ҳамда Самарқанд шаҳри ҳокимлиги зиммасига Г.Кулиевага якка тартибда уй-жой қурилиши учун 400 кв.м ер майдони белгиланган тартибда ажратиб бериш мажбурияти юкланади.
Бедодликни қарангки, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги онахондан узр сўраб, суднинг бу талабини бажариш ўрнига Пахтачи туман маъмурий судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун 2021 йил июнь ойига келиб, Самарқанд вилоят маъмурий судига апелляция шикояти беради.
Вилоят суди ажрими билан апелляция шикоятини беришнинг муддати ўтказиб юборилгани туфайли шаҳар ҳокимлигининг апелляция шикоятини қабул қилиш рад этилади.
Буни нима деб изоҳлашни ҳам билмай қолар экансан киши. Нима бу, мажбуриятдан қочишми?
Аввалги мақоламизга ҳам Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан бирор муносабат билдирилмади. Биламиз, бунисига ҳам билдирилмайди. Нима ҳам деб муносабат билдирсин? Афтидан, Самарқанд шаҳрининг амалдаги раҳбарлари 12–15 йил олдин рўй берган воқеалар, тўланиши керак бўлган компенсациялар учун асло ўзларини масъул ҳисоблашмайди.
Лекин англаш лозимки, қария фуқаролардан собиқ ҳокимлар эмас, давлат қарздор. Қарз эса тўлаб берилмаяпти, оқибатда фуқароларнинг давлатга ишончи суиистеъмол бўлмоқда.
Ҳокимлар келаверади-кетаверади. Аммо инсон қадри бош тамойил сифатида белгиланган бугунги кунда давлат ва уни тамсил этувчи раҳбарлар суд қарорларини ижро этиб, ўз фуқаролари олдидаги қарзини тўлаб қўйишлари керак.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024