Жамият | 20:56 / 27.09.2021
48945
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Ўзбекистондаги медиамагнатлар ҳақида материал эълон қилинди

Қозоғистондаги ztb.kz нашри Ўзбекистондаги хусусий нашрлар кимларга тегишли экани ҳақида маълумот тўплади. Материалда «ЗўрТВ» телеканали раҳбарларидан бири Akfa тизимидан чиққани, «Миллий» телеканалини Комил Алламжонов бошқариши, Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоевнинг куёви катта медиаҳолдинг асосчиси ҳисобланиши айтилган.

Zo'r TV

Zo'r TV телеканалининг 50 фоизлик улуши Шуҳрат Аҳмедов ва Исмоил Исроиловга тегишли. Биринчиси «Водий садоси»  радиостанцияси раиси ва «Тасвир» нашриётининг 65 фоизлик акциясига («Тасвир» журнали, «Оптовик» ҳафталик), журналлар ва даврий нашрларни чиқарадиган East Star Mediа'нинг 33 фоизига эгалик қилади.

Исмоил Исроилов PRO FM, Power Construction Planet (Discover Invest брендидан фойдаланади), Durable Management (Durable Beton асосчиси) акцияларига эгалик қилади. Илгари Akfa Engineering and Management компанияси директори ва директор ўринбосари бўлиб ишлаган.

Milliy телеканали

Milliy  телеканалини Миллий оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов бошқаради (100 фоиз акция).

Sevimli телеканали

Sevimli канали «Master Media Production and Broadcast»га қарашли, компаниянинг устав капиталини Фируза Шарапова (70 фоиз), Амира Рашидова - «Ўзбеккино» миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқовнинг қизи (20 фоиз) ва Абдуллажон Абдухолиқов (10 фоиз) бўлишади.

MY5 телеканали

«Менинг юртим» (МY5) телеканалининг 61 фоизи Ёшлар билан ишлаш агентлигига тегишли. Бундан ташқари, ўша бўлим Ёшлар телеканалининг 100 фоизига эгалик қилади.

Kun.uz 

Энг кўп ўқиладиган ахборот сайтларидан бири сифатида эътироф этилган — Kun.uz сайти таъсисчиси сифатида Web Expert МЧЖ келтирилган. Унинг эгалари - тадбиркорлар Умид Шермуҳаммадов ва Махсуд Асқаров.

Daryo.uz

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрида Ўзбекистондаги яна бир энг йирик хусусий интернет нашрлардан бири бўлган Daryo.uz сайтига эгалик қиладиган Simple Networking Solutions компанияси таъсисчилари кўрсатилмагани айтилган. Аввалроқ ушбу МЧЖнинг 100 фоизлик улуши давлат корхонаси - «Ўзбектелеком»га ўтгани маълум бўлганди (яқингача ушбу МЧЖнинг 50 фоизи «Ўзбектелеком»га тегишли бўлган). 

Gazeta.uz

Gazeta.uz Сурен Сапов бошчилигидаги «Афиша Медиа-ҳолдинги» таркибига киради. Сурен Сапов Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг куёви ҳисобланади. 

Uznews.uz

Uznews асосчиси - News Media Group, уни иқтисодчи мутахассис Бекзод Юсупов бошқаради.

Podrobno.uz 

«Подробно»ни  кўп йиллар Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ишлаган журналист ва муҳаррир Андрей Тешаев бошқаради.