Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хорижий давлат фуқаролигини олгани ҳақида хабар бермаган Ўзбекистон фуқаролари жавобгарликка тортилади – Депутатлар қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллади
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан учинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, эндиликда Ўзбекистон фуқаролари бошқа давлат фуқаролигини олган тақдирда давлат органларини хабардор қилмаса, жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Ашматовга асосланиб Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишча, айрим давлатларда қўш фуқаролик қонун билан тақиқланмагани сабабли амалиётда Ўзбекистон фуқаролари хорижда ўзлари бўлиб турган мамлакат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатлари учрамоқда. Шунингдек, ваколатли давлат органларига Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатларини аниқлаш вазифаси юклатилган, лекин амалдаги қонунларга асосан, фуқароларда ушбу факт юзасидан давлат органларига хабар бериш мажбурияти мавжуд эмас.
Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Ашматовга кўра, келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ва фуқароларнинг масъулиятини ошириш мақсадида 24 августдаги ялпи мажлисда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда бир овоздан маъқуллаган.
Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролигида бўлган ва чет давлат фуқаролигини олган шахсларни, чет давлат фуқаролигини қабул қилган кундан бошлаб ўттиз календарь куни ичида хабар бериш тартиби жорий қилинади;
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини олгани ҳақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик киритилади;
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахс томонидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти ёки идентификация ID-карталаридан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади;
- давлат хизматчилари ёки ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёки давлат органларида ташкилий-бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик функцияларни бажарадиган Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини олгани ҳақида белгиланган муддатда хабар бермагани учун жавобгарлик белгиланади.
Маълумот учун, 2020 йил 13 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлат фуқаролигига мансублиги Ўзбекистонда тан олинмайди.
Яъни президентнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш ёки фуқаролигини йўқотганлик тўғрисидаги қарори қабул қилингунига қадар бир вақтнинг ўзида чет давлат фуқаролигига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон фуқаролигидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришдан бош тортиши ёки жавобгарликдан озод этилиши мумкин эмас.
Шунингдек, ушбу қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги фуқароликдан чиқиш тўғрисидаги илтимосномага асосан амалга оширилиши белгиланган.
Бундан ташқари, мазкур қонуннинг 25-моддасига асосан, агар шахс ихтиёрий равишда чет давлатнинг фуқаролигини олган бўлса унинг Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги йўқотилган ҳисобланади.
Мавзуга оид
17:55 / 09.06.2026
«Светофор - йўлчироқ, пароль - ўрон» — депутатлар янги қонунни маъқуллади
11:57 / 17.05.2026
Оқбўйрадаги портлаш юзасидан Қонунчилик палатаси депутати вазирликка сўров жўнатди
11:42 / 18.03.2026
Ўзи содир этган ҳуқуқбузарликни интернетга тарқатганлик учун жавобгарлик киритилмоқда
18:21 / 18.02.2026