Kun.uz президентликка номзод сиёсатчилар билан сайловчиларни қизиқтирган қатор масалалар бўйича интервьюлар уюштирмоқда. Туркум доирасида биринчи меҳмонимиз – «Адолат» СДПдан президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов бўлди.
— Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов бугунги Ўзбекистоннинг қиёфасини қандай тасаввур қилади? Шунингдек, унинг қайси жиҳатларини жиддий ўзгаришларга муҳтож деб ҳисоблайди?
— Ўзбекистон кейинги йилларда, хусусан, охирги 5 йилда тубдан ўзгарди. Совет даври, мустақилликнинг илк йиллари ва сўнгги 5 йилликда яшаган киши сифатида даврларни ўзаро таққослаш имкониятига эгаман.
Авваллари дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни ислоҳотларни хоҳламайдиган, секин ҳаракат қиладиган ва ислоҳотлардан қочадиган давлат сифатида биларди. Кейинги даврларда эса Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки дунё миқёсида ҳам ислоҳотлар бўйича лидер мамлакатлардан бирига айланди.

— Саволнинг иккинчи қисми бўйича ҳам жавоб берсангиз, чунки агар ҳаммаси яхши кетаётган бўлса, сизнинг президентликка номзодингизни қўйишингизнинг ҳам кераги бўлмасди.
— Ўзбекистон ҳозир маълум даражага етиб келди, лекин бундан буёғига янги босқич бошланиши керак. Шу нуқтайи назардан эришганларимиз ўзимиз билан бирга, айни вақтда янги давр бошланяпти. Бизда деярли барча соҳаларда қиладиган ишларимиз етарли. Бу иқтисодий, ижтимоий, қишлоқ хўжалиги ёки экологик йўналишдаги муаммолар.
— Баҳром ака, ҳозир мутлақ кўпчилик Ўзбекистон президенти сайловининг муқаррар ғолиби сифатида бир шахс – Шавкат Мирзиёевни эътироф этяпти. Яъни сайловларда айни бир номзоддан бошқасига ишонилаётгани йўқ.
Сайловларга бундай муносабатнинг сабаблари нималарда деб ўйлайсиз?

— Шак-шубҳа йўқки, Мирзиёев янги Ўзбекистонни қуришда асосий ислоҳотчи бўлди. Президент ва инсон сифатида ниҳоятда салоҳиятли. Буни яхши тушунаман. Халқнинг унга муносабати ҳам табиий. Лекин шу билан бирга партиямиз ҳам сайловларга халқимизни кўпдан буён қийнаб келаётган муаммоларни ечиш бўйича таклифлари, янги ғоялари билан чиқади. Агар улар амалга оширилса, Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига чиқиши мумкин.


















