Жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти, унинг таҳлиллари юзасидан қатор суҳбатлар уюштириб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этиб келаётган Kun.uz’нинг навбатдаги суҳбатдоши таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам бўлди. Суҳбатнинг биринчи ва иккинчи қисми аввалроқ эълон қилиниб, матнлаштирилган ҳолда тақдим этилган эди. Қуйида суҳбатнинг учинчи қисми матни эълон қилинмоқда.

— Қўшни Афғонистондаги воқеаларни кузатиб боряпсиз. У ерда қатор қонли урушлардан кейин ҳукумат алмашди. Хўш, бу воқеалар сиз каби ўзбек ижодкорлари, зиёлилари нигоҳида, руҳиятида қандай қабул қилиняпти? Нималарни ҳис қиляпсиз, хулоса қиляпсиз?

Шунингдек, саволнинг яна бир қисми сифатида бугун у ердаги ўзбек миллатдошларимизнинг тақдири ҳақида ҳам гаплашишимиз керак.

— «Ён қўшни – жон қўшни», «Уй олма, қўшни ол» деган мақоллари бор халқимизнинг. Бу дегани шуки, яхши қўшни ҳаёт-мамот масаласи қадар муҳимдир. 

Чунки эсимизни таниганимиздан бери Афғонистондаги нотинчлик хаёлимизнинг бир четини банд қилиб келади. Мен туғилиб ўсган олис Мингтепанинг неча-неча аскар йигитларининг ўлиги келган Афғонистондан. Унда мен мактаб ўқувчиси эдим, энди бўлса, ёшим 50 дан ошиб, 60га қараб кетяпти. Лекин ҳануз Афғонистон муаммоси мавжуд. Бир қўшни, бир зиёли сифатида унинг тинч ва ривожланган ўлкага айланишини жуда-жуда хоҳлайман.

У ерда пуштун, тожиклардан ташқари миллионлаб миллатдошларимиз ҳам бор. Уларнинг тақдири, қисмати, шунингдек, бу юртда ўзбек тилига бўлган муносабат бизни доим ўйлантиради.

Пайғамбаримизнинг бир ҳадиси бор: «Ҳеч қачон ўлмайдигандек дунё учун яша, эртага ўладигандек охират учун яша», дейилади. Диний радикализмда эса фақат охират ҳақида гап бор. Бугунги кун ва дунёни инкор қилиш бор.

Минг йил давомида зулматга чўмган ғарбнинг ҳам ақидаси шундай эди. Ҳар бир нуқта охиратга қаратиларди. Бу дунёда қанча кўп изтироб чексанг, у дунёда шунча яхши бўлади деган қараш бор эди. Мана шу фикр миллатлар, халқларнинг қон-қони, ҳужайрасига сингдирилгани учун ғарб зулмат ичида яшади. Бу мафкура инквизиция билан қўллаб-қувватланди.