Ўзбекистон | 12:32 / 30.09.2021
3149
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг илк партияси тайёр бўлди

30 сентябрь куни ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1 458 820 дозадан иборат илк партияси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Vaksina.uz телеграм канали хабар берди.

Мазкур вакцинани ишлаб чиқариш учун Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd. компанияси томонидан “Jurabek Laboratories” МЧЖ қўшма корхонаси билан шартнома имзоланган эди.

“ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 1 458 820 дозаси Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакилларига топширилди. Ҳозирги кунда қўшма корхона томонидан жами 7 миллион доза вакцина ишлаб чиқарилган бўлиб, кейинги дозалари босқичма-босқич эмлаш пунктларига етказиб берилади.

COVID-19га қарши ZF-UZ-VAС2001 вакцинаси Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда Zhifei Longcom Biopharmaceutical компанияси томонидан яратилган. Мазкур вакцина 3-фаза клиник синовлари натижаларига кўра 3-дозадан сўнг вакцинанинг самарадорлиги барча штаммлар учун умумий 81,76%, “британча” штаммга қарши эса 92,93%ни ташкил этди.

Препаратнинг ампула шаклини ишлаб чиқариш Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd. биофармацевтика корхонасида ишлаб чиқарилган вакцинанинг оригинал субстанцияси асосида амалга оширилди”, — дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йил февралда рўйхатга олинган “Спутник V” вакцинаси ҳам “Jurabek Laboratories” томонидан ишлаб чиқарилади.