Шўрчида ҳайдовчи 2-синф ўқувчисини уриб юбориб, ҳодиса жойидан яширинган. Унинг “раҳнамоси” ким?
Мактабдан уйига қайтаётган 8 яшар қизчани уриб кетган ҳайдовчи ҳодиса жойидан қочиб кетган бўлишига қарамай, терговга тортилмаяпти. Жабрланувчининг қариндошларига кўра, ҳайдовчининг туман ИИБ Жиноят-қидирув бўлимида ишлайдиган акаси ишни босди-босди қилмоқда.
Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаронинг айтишича, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги 36-мактабнинг 2-синфида таҳсил оладиган невараси дарслардан чиқиб уйига қайтаётганда, йўлни кесиб ўтаётган вақтида катта тезликда келаётган Gentra русумли машина уриб юборган. Ҳодиса содир бўлган жой 3.24 йўл белгисининг таъсир доирасидаги ҳудуд бўлган. Ҳайдовчи тезлик чекланган жойда юқори тезликда ҳаракатлангани етмагандай, болани уриб юборгандан сўнг унга биринчи ёрдам кўрсатмай, ҳодиса жойидан қочиб кетган.
“2021 йилнинг 22 сентябрь куни соат 16:00 лар чамаси 2-синфда ўқийдиган неварам Муниса Ўроловани “Шайдо” ресторани ёнида, йўлни кесиб ўтаётган вақтида Деновдан Шўрчи шаҳрига келаётган автомашина уриб юборган. Ҳодиса гувоҳлари машина катта тезликда ҳаракатланиб келганини айтишмоқда. Ҳолбуки, йўл четига ўрнатилган йўл белгилари талабига биноан, йўлнинг бу қисмида транспорт воситалари соатига 50 км тезликкача ҳаракатланиши керак.
Лекин ҳайдовчи йўл белгисига амал қилмасдан юқори тезликда келиб неварамни уриб юборган ва унга оғир тан жароҳати етказиб, қочиб кетган. ЙТҲ оқибатида олган оғир жароҳатлари таъсирида ҳушини йўқотган неварамни бошқа машинадагилар тез ёрдам бўлимига олиб боришган”, – дейди жабрланувчининг бувиси.
Айни пайтда Gentra русумли, кумуш рангли, давлат рақами 75 G 887 KA бўлган автомашина ЙТҲ содир этгани учун жарима майдончасида сақланмоқда. Бироқ жабрланувчининг ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган қариндошлари болани уриб юборган машинанинг ранги тўқ кулранг бўлганини айтмоқда.
Жабрланувчининг онаси Сурайё Хуррамованинг сўзларига кўра, ҳужжатларда фарзандини Зуҳриддин исмли шахс уриб кетгани қайд этилган бўлса-да, рўй бераётган воқеаларга асосланиб у машина рулида бошқа шахс бўлганини тахмин қилмоқда. Унинг таъкидлашича, ҳақиқий айбдор бошқа ва унинг ИИБ тизимида ишлаётган акаси ишни босди-босди қилишга уринмоқда.
“Ҳайдовчи шу кунгача бир марта ҳам қорасини кўрсатгани йўқ. Энг қизиғи, унинг ўрнига оила аъзолари эмас, балки ўзини ҳайдовчининг ўртоғи деб таништирган Холбой исмли шахс ва унинг онаси шифохонага қатнаб юрибди. Айнан улар бир-икки марта шифокорлар ёзиб берган айрим дориларни олиб беришди, аммо муолажа учун кетаётган асосий харажатларни ўзимиз қоплаяпмиз.
Суриштириб билсак, Холбойнинг акаси Жасур Худойбердиев туман ИИБ Жиноят-қидирув бўлимида ишларкан. Айнан у укасини асраб қолиш учун ишларни босди-босди қилишга уриняпти, деган гумонимиз бор. Чунки чекка бир туманда битта тизимда ишлайдиган одамнинг гапи ерда қолмаслигини яхши биламиз.
Балки адашаётгандирмиз, аммо сўнгги воқеалардан сўнг бу гумонимиз янада кучайди. Биринчи кундан “Барча ёрдамни кўрсатамиз, Самарқанддаги малакали нейрохирургларга олиб бориб кўрсатамиз, шифохонанинг барча харажатларини кўтарамиз” деб айтаётган одамлар кеча бирдан муомаласини ўзгартириб: “Қаерга борсанг бор, қўлингдан нима келса қил, барибир ҳеч нарса қилолмайсан”, деб айтишди. Кимгадир ишонишяптики, шу гапларни айтишяпти. Аслида уларга заррача хусуматимиз йўқ эди, фарзандим соғ қолганига шукримни қилиб ўтиргандим. Улар эса андишанинг отини қўрқоқ қўйишяпти.
Ҳодиса ҳақида ЙТҲ содир этилган 22 сентябрь кунининг ўзида туман ИИБ бошлиғи Шавкат Мусурмонов номига ариза билан мурожаат қилганмиз, орадан 10 кун ўтаётганига қарамай аризамиздан сўнг нималар қилинганидан бехабармиз.
Ҳодиса натижасида болам икки кун ҳушсиз ётди. Жароҳатлари оғир бўлгани учун шифокорлар ўрнидан қўзғатишга рухсат беришгани йўқ. Йўқса аллақачон уни Термиз ёки Тошкент шаҳарларига олиб бориб чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказган бўлардик”, – дейди Сурайё Хуррамова.
Шўрчи тумани ИИБ бошлиғи Шавкат Мусурмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу жараёнда барча ҳужжатлар қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилганини таъкидлади. У ИИБ тизимида ишлаётган шахс воқеалар ривожига таъсир ўтказиш эҳтимолини инкор қилди.
“Ҳодисани содир этган шахс маълум, фамилияси Эргашев. Фуқаронинг номида иккита машина борлиги аниқланди. ЙТҲга учраган пайтда у давлат рақами 75 G 887 KA бўлган автомашинада бўлган. Айни пайтда ушбу транспорт воситаси жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳозир экспертиза хулосасини кутяпмиз. Ушбу хулоса асосида ё иш тергов органига оширилади, ё бўлмаса маъмурий тартибда судга чиқарилади.
Рулда бошқа одам бўлгани ҳақидаги гумонларга келсак, ҳеч қачон бир шахс машинада одам уриб кетган пайтда бошқаси келиб ўша пайтда рулда мен ўтиргандим, деб айтмаса керак. ЙТҲ тумандаги ЙПХ масканимиз яқинида рўй берган. У ерда камераларимиз мавжуд. Ҳолат бўйича барча далиллар тўпланган.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, ҳайдовчи одам уриб юборганда жабрланувчининг шифохона харажатларини кўтаришга ёки моддий жиҳатдан ёрдам қилишга мажбур эмас. Ёрдам берса, айбини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида инобатга олинади. Бермаса, бунинг учун мажбурлаб бўлмайди. Ёрдам берса-бермаса, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади. Ё жиноий, ё бўлмаса маъмурий жавобгарликка тортилади.
Жиноят-қидирув бўлимида ким ишлашидан қатъи назар, у қонунда белгиланган тартибни ўзгартира олмайди. Қолаверса, ИИБ ЙҲХБ ходими қанчалик яқин таниши бўлмасин, бундай вазиятда ким илтимос қилишидан қатъи назар, унга қандай ёрдам қилиши мумкин? Жабрланувчилар ҳужжатларни расмийлаштиришда сохтакорлик қилингани, манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги бўйича туман прокуратурасига ҳам мурожаат қилишган. Прокуратура органи бу жараёнда қонунбузилишга йўл қўйилган ёки қўйилмаганини суриштиришди. Хулосани улар беришади”, – дейди Шавкат Мусурмонов.
Жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қўлларидаги ЙТҲ бошқа машинада содир этилгани ҳақида холис шахсларнинг кўрсатмаларига эътибор қаратилиши ва адолат қарор топишидан умидвор. Вазият туман ИИБ даражасида қолса, ишлар босди-босди бўлиб кетишидан хавотирланишяпти.
Дарҳақиқат, Kun.uz'га тақдим этилган ҳужжатларга кўра, боланинг аҳволи энг камида ўртача оғир бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳайдовчининг ҳодиса жойидан қочиб кетгани эса унинг ҳаракатларида шахсни хавф остида қолдиришда ифодаланган яна бир жиноят аломатлари мавжудлигига ишора қилмоқда.
Жиноят кодексининг 117-моддасига кўра, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум ҳолатдаги шахсга ёрдам кўрсатмаслик, башарти, айбдор бундай аҳволдаги шахсга ёрдам бериши шарт ва бундай имкониятга эга бўлса ёхуд айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва бу ҳол баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига олиб келса, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.
Мавзуга оид
10:06
Ҳалоллик мукофоти: йўлдан топилган 5 минг долларни эгасига қайтарган ҳайдовчи ҳақида ҳикоя
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:02 / 12.11.2024
Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди
14:15 / 12.11.2024