Элмурод Мамиржонов Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан. У Ўзбекистон-Россия йўналишида одам ташийди. Таксист яқинда мижозларни олиб Ўзбекистонга қайтаётганда Астрахан шаҳрида қарийб 5 минг доллар топиб олади. Омонат эгасини топиш учун ижтимоий тармоққа хабарлар чиқаради. Хоразмлик муҳожир пулнинг эгаси бўлиб чиқди. Пуллар ўз эгасига қайтарилди. “Долларлари топилганидан хурсанд бўлиб кетган ака бир қоп Хоразм гуручи ва 200 доллар суюнчи пули ташлаб кетди”, – дейди ҳайдовчи.

43 ёшли ҳайдовчи топиб олинган пул билан боғлиқ қизиқ ҳодиса ва сафар машаққатлари ҳақида сўзлаб берди.

Умра учун тўпланган пул

“5-6 йилдан бери Россияга қатнайман. Одамлар оғирини енгил қилиб, киракашлик қилиб келяпмиз.

Элмурод Мамиржонов

Аллоҳга шукур, яхши ният билан синглим, онам, аёлим ва мен Умрага бориш учун 5 минг доллар йиғиб қўйган эдик. Билетларгача гаплашиб қўйган жойимизда бошига мусибат тушган бир муҳтож оилага ёрдам бериш керак бўлиб қолди. Аллоҳ қодир қилса, яна тўпласак Умрага ҳам борармиз, дея шу 5 минг долларни Аллоҳ йўлида эҳсон қилдик. Бироз вақт ўтиб Худодан куч-қувват сўраб яна Россияга йўл олдим. Онамдан дуо олиб йўлга отландим...”

Шайтон васвасаси

“Бепоён кенглик, кимсасиз йўл. Қрим томондан келаётгандим. Астрахан шаҳрига етиб келганимда йўл четида бир нарсага кўзим тушди. Машинани тўхтатиб қарасам, кармон ётибди, лой бўлиб кетган.

Кармонни олиб машинага ўтирдим. Ичини очиб қарасам 4 900 доллар ва 23 минг рубл бор экан.

Пулни олган заҳотим шайтон елкамга ўтирди ва унга нималар қилишим кераклигини режалаштирди. Шайтоннинг режаларига қарамасдан, нафсимга жилов бериб, пулни ўз эгасини топширишни ният қилдим. Уйга етиб келгандан кейин, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларга эълон бердим: пул эгасини топишда амалий ёрдам беринглар, тарқатиб юборинглар деб”.

Луқмага ҳаром аралашмасин”...

“Муҳтож одамга йиғиб қўйган 5 минг долларимни бергандим. Энди эса топилган пул худдики мен учун мукофотдек эди. Аллоҳ сўраган 5 минг долларимни менга ҳам берди, лекин бу бировнинг пули эди. Топиб олган пулга қизимни чиқариш ёки Умрага барчамиз бориш учун ишлатишим худбинлик эди, чунки у бировнинг ҳаққи.