Ўзбекистон | 19:00 / 01.10.2021
10235
2 дақиқада ўқилади

Фарғона филология мактаби янада ривожланади

Фарғона давлат университетининг филология факультетида 1 октябр – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Факультетнинг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилиши байрам арафасига тўғри келди.

Мазкур факультетнинг янги ўқув биносини вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов очиб берди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, олий ўқув юртлари олимлари, фахрий устозлар, кенг жамоатчилик вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фарғона шаҳридаги собиқ компьютер технологиялари коллежи биноси капитал таъмирланиб, филология факультети ихтиёрига берилди. Ҳозирда 2 мингдан зиёд талабалар таҳсил олаётган факультетнинг илмий салоҳияти 74 фоиздан ортиқдир.

Фарғона давлат университетининг Россия Федерацияси Қозон федерал университети билан ҳамкорлиги натижасида мазкур факультет “Филология ва тилларни ўқитиш: рус тили” йўналиши бўйича қўшма таълим дастурини йўлга қўйишга эришди.

Тадбир иштирокчилари факультетнинг янги қиёфаси, у ерда яратилган шароитлар, инновацион таълим хоналари, ўқув ва спорт заллари, кутубхоналар фаолияти билан танишишди.

Тадбир давомида Фарғона давлат университетида самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Фарғона давлат унивеситети матбуот хизмати Ⓣ

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш