Ўзбекистон | 10:49 / 01.10.2021
11053
8 дақиқада ўқилади

“Ҳар бир учрашувдан катта масъулият билан қайтаман” — водий сафарида журналистлар билан суҳбатлар

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларига сафари давомида уч марта ОАВ вакиллари билан учрашди ҳамда сайловчилар билан учрашувлар, ислоҳотлар, сўз эркинлиги, тиббиёт, олий таълим ва ёшлар масаласидаги саволларга жавоб қайтарди.

Ўзбекистон муҳим сиёсий жараён қаршисида турибди. 24 октябрь куни президент сайловлари бўлиб ўтади ва келгуси 5 йил давомида давлатни бошқарувчи президент сайланади. Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 27-29 сентябрь кунлари Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида бўлди ва ҳам амалдаги президент, ҳам номзод сифатида ҳар куни ОАВ вакиллари билан суҳбатлар қилди.

Наманган вилоятидаги “Саховат уйида” бўлиб ўтган суҳбатдан

– Ҳурматли президент, Намангандаги ташриф ҳам якунланмоқда. Бу вилоятнинг бошқаларидан фарқли жиҳатлари ва Наманган билан боғлиқ режалар ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Наманган халқи жуда меҳнаткаш ва тадбиркор. Ҳали самолётдалигимдаёқ кузатишни бошладим – далалар чиройли бўлакларга бўлинган, ҳаммаси яхши ишлов берилган. Бу ернинг тадбиркорларининг менга ёққан бир жиҳати бир-бирини қаттиқ қўллаб-қувватлашади, ҳатто рақобатчиларига ҳам дўстдек қарашади. Чунки улар тушуниб етишган – Наманганнинг ва бутун мамлакатнинг ривожланиши ҳамжиҳатликка боғлиқ.

Учрашувларимизни кузатиб боряпсизлар. Катта ислоҳотлар ваъда қиляпмиз, ҳар бир ҳудуднинг шароитидан келиб чиқиб алоҳида дастур ва режалар тузяпмиз. Биламан, ислоҳотлар осон бўлмайди.

Ҳамма сайловчилар ўзининг соҳаси бўйича янгиликлар кутади, “қани, бизда нима ўзгариш бўларкин?” деган савол қўяди. Мен учрашувларга келмай, ўз дастуримни ишончли вакилларим орқали таништириб қўйсам ҳам бўларди. Лекин бундай қила олмайман, ҳар бир ҳудуд сайловчилари билан бевосита учрашаман. Ҳар бир учрашувдан кейин катта масъулият билан қайтаман, чунки айтилдими, бажарилиши керак.

Андижонда 400 минг аҳолига шаҳар қураётганимиздан хабарингиз бор. Энди наманганликлар савол қўйишяпти, бизда бундай шаҳар барпо этилмайдими, деб. Албатта, бу ерда ҳам қурамиз. Фақат аввал инфраструктурани яратамиз, йўлини қиламиз, коммуникацияни олиб келамиз, мактаб, боғчаларини ҳам тенгма-тенг барпо қиламиз.

Фарғона вилояти Қўштепа тумани пахта даласидаги суҳбатдан

– Президент ҳам чарчайдими, чарчаган пайтлари кимдан ёки нимадан куч олади?

– Албатта, мен ҳам сизлар каби инсонман. Узлуксиз иш мени ҳам чарчатади. Лекин мен халқимизнинг, одамларнинг кўзларидаги қувончдан куч оламан. Шу беш йилда нимадир қила олган бўлсам, ҳаммасини шу халқимиз учун қилдим. Озгина бўлса ҳам ўзгариш бўлган, кимнингдир оғири енгил қилинган бўлса, кўзидан билинади. Ана шу мамнуният менга қувват бағишлайди.

Сизлар ҳам 5 йил аввалги журналистлар эмассизлар. Чунки мен биринчи кундан сўз эркинлигига жиддий қарадим. Эсингизда бўлса, дастлаб ҳамма асослими, асоссизми, танқидни бошлаб юборди. Раҳбарларни бўшатиш талаб қилинди. Шунда менга сўз эркинлигини ёмонлаб кирганлар ҳам бўлди. Лекин мен фикримни ўзгартирмадим, чунки бу ҳам табиий жараён, сараланиш бўлади. Ахир сизларнинг ҳам мақолаларингиз, ёритган лавҳаларингиз халққа манфаат келтирмаса, нима фойдаси бор?

Яна бир жиҳат – мен фақат сизларнинг олдингизда куламан. Иш жараёнида эса анча қаттиққўлман. Албатта, кимнидир бўшатиб юбориш осон. Аммо битта муносиб раҳбар тайёрлаш ниҳоятда қийин.

Ислоҳотлар деганда бир эслайлик – мана шу кунларда биз қаерда бўлардик? Пахта даласида! Ҳамма раҳбарларнинг ягона дарди кунлик сводка бўларди. Ҳозир-чи, мен ҳатто қанча пахта тайёрланганини ҳам билмайман. Кимга керак бўлса, ким шу пахтадан манфаатдор бўлса, ўзи қилаверсин. Мана шу далаларда [Қўштепа тумани ҳудудида] пахта етиштириш азоб бўлган. Ҳосилдорлик 15-20 фоизга ҳам етмаган. Ҳозирги ҳолатни ўз кўзларинг билан кўриб турибсизлар. Қилса бўлар экан-ку! Исроилликлар келиб бу ерда ишлашяпти. Улар ўзларида 70 центнерлаб ҳосил олишади. Биз ҳам 40-50 центнерга чиқдик ва яна ҳам ошириш имкониятимиз бор. Пахта етиштиришда мана шундай кластерлар фаолиятини йўлга қўйишимиз албатта ўз самарасини беришига ишонаман.

Андижондаги таълим муассасасидаги суҳбатдан

– Мактабгача таълим ва халқ таълимига қатор имтиёзлар берилмоқда. Олий таълимга ҳам бундай енгилликлар бериш режалаштирилмоқдами?

– Аввало мен нима учун “таълим, таълим ва яна таълим” деб айтишим сабабига тўхталсам. Бизнинг тараққиётга эришишимиз учун таълимдан бошқа йўлимиз йўқ. Хоҳ тиббиёт, хоҳ қишлоқ хўжалиги, умуман, қайси соҳа бўлмасин, таълимсиз ривожлана олмайди.

Энди саволга келсак, бу масала сайловолди дастуримизга алоҳида банд сифатида киритилган. Келажакда хусусий ОТМларга давлат ОТМларида бўлгани каби имтиёз ва преференциялар албатта берилади. Тўғри, бу режам давлат олий ўқув юртлари раҳбарларига ёқмаслиги мумкин. Аммо бу соҳада ҳам рақобат керак. Давлат олий ўқув юртлари ҳам ривожланмаса, ўз устида ишламаса, замондан орқада қолиб кетаверади.

– Бугун тиббиёт вакиллари билан учрашдингиз. Жорий йилнинг 14 май куни онкологик касалликлар бўйича йиғилишда ҳар бир вилоятга ПЭТ-КТ аппаратлари олиб келинади, деган эдингиз. Айни пайтда бу ускуна фақат Тошкентда бор, холос. Бу ускуналар қачон олиб келинади ва ўрнатилади?

– Бу жуда оғир савол, чунки онкология бўйича вазиятнинг ўзи оғир. Соҳадаги энг муҳим масала – касалликни вақтида аниқлаш. Биринчи-иккинчи босқичларда ташхис қўйилган беморлар тез ва осон соғайиб кетишади. ПЭТ-КТ ускунасини олиш мумкин, лекин унга аввал шароит ҳозирлаш, ишлайдиган мутахассис топиш керак, чунки унда радиация бор, махсус йўриқнома асосида ишлашни талаб қилади.

Республика онкологияси учун ҳам замонавий бино қуриляпти. Лекин савол – бу ерда ким ишлайди? Мени шу масала қийнайди. Информацион технологиялар, телемедицина билан ишлай оладиган мутахассисларимиз етарлими? 4 ой ичида Корея Республикасининг онкологик касалликларни даволаш бўйича тажрибасини яхлитлигича ўрганиш ва ўзимизда жорий этиш бўйича бир неча марта музокара ўтказдик.

Бевосита саволингизга келсак, мутахассисларимиз бу масала бўйича ишлашяпти, 2 қаватли махсус энг замонавий бино қуриб, ПЭТ КТ ўрнатилади. ПЭТ КТ ускунаси ҳар бир вилоятда бир эмас, бир нечтадан ўрнатилади. Кореядан мутахассислар жалб қиламиз, улар диагностика, операциялар қилиш бўйича тажрибасини ўргатади. Бу масала диққат марказимизда турибди.

– Муҳтарам президент, ёшлар сиёсати бўйича режаларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Умуман, ёшлар билан боғлиқ қайси муаммо сизни кўпроқ ўйлантиради?

– Ёшлар масаласи шундай нарсаки, унинг боши ёки охири йўқ, яъни мунтазам, ҳар куни шуғулланишни талаб қилади. Бугунги ёшлар кечаги эмас. Мен “болаларимизни телефон тарбиялаяпти”, деган гапни кўп қайтараман. Чиндан ҳам шундай. Бу ҳам замона зайли. Лекин биз “телефон болаларни айнитди” деб ўтиравермаймиз-ку? Уч авлод учрашувларини уюштиряпмиз, зиёлиларимизни ёшларга бириктиряпмиз. Ҳатто машина совға қилиб китоб ўқишга ўргатяпмиз.

Олимпиада ғолибларига катта маблағ, уйлар, машиналар беряпмиз. Мақсад битта – ёшларимиз уларга ҳавас қилсин, шулар юрган йўлни танласин. Нафақат спорт бўйича, балки фан олимпиадалари ғолибларига ҳам 100 млн сўмлаб пул, устозларига алоҳида мукофотлар, маошларига устамалар беряпмиз. Бир нафар фарзандимизни ёмон йўлдан қайтариб, жамиятга фойдали шахсга айлантира олсак бас, мен бу харажатларга умуман ачинмайман. Чунки тарбия биз учун жуда муҳим.

Афсуски, биз ёшлар сиёсати билан кўп вақт шуғулланмадик. “Камолот” деган ташкилотимиз бўларди, лекин на бирор лойиҳа учун пули, на аниқ бир дастури бор эди. Ҳозир алоҳида агентлик ташкил қилдик ва зарур шароитни яратиб бердик, маблағ ажратдик.

Ўзбекистон ёшларининг ҳар бири менинг фарзандим, уларнинг ютуғидан фахрланаман, камчиликларидан хафа бўламан.

Мавзуга оид