Ўзбекистон | 20:42 / 02.10.2021
9759
5 дақиқада ўқилади

Абдуқодир Тошқулов хориждан ва ички тартибда ўқишни кўчиришлар ортидан дуч келинаётган муаммолар ҳақида гапирди

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Халқаро пресс-клуб сессиясида талабалар ўқишини кўчириш тартиби ва жумладан, хориждан ва ички тартибда ўқишни кўчириш бўйича дуч келинаётган муаммоларга тўхталиб ўтди.

«Мен талабалар ўқишини кўчириш масаласида ҳам маълумот беришим керак. Талабалар ҳам бунга жуда қизиқади. Бу йўналишда муаммоларимиз жуда кўп эди.

Ўқишни кўчириш масаласида ноқулай ҳолатлардан бири шунда бўлдики, маҳаллий ОТМларга киришда шаффоф тизим ишлаганидан кейин айримлар ўқишга киритишнинг коррупцион ва инновацион йўлларини ҳам ўйлаб топди. Очиқ айтаман, бу йўлда ҳатто расмий фирмалар ҳам пайдо бўлди. Улар ота-оналарни фарзандингизни четга ўқишга юборамиз ва бир йилдан кейин уни иккинчи курсдан ўқиш бошлашини кафолатлаймиз, дея ишонтирди.

Айрим фирмалар борки, улар 20-30 балл олган абитуриентларни ҳам қўшни давлатларга пул билан ўқишга киритаверган. Бунда фарзандларимиз асосан масофавий ва сиртқи талимга юборилган. Умуман ўқишга бормаганлари ҳам бор. Лекин улар учун бир йилдан кейин Олий таълим вазирлиги орқали ўқишни кўчириш бўйича онлайн имтиҳон бўлаверган. Хўш, натижа нима бўлди? Уларнинг келиши билан шусиз ҳам яхши бўлмаган таълим сифатимиз янада тушиб кетди», – деди вазир.

Унга кўра, шу каби ҳолатларга чек қўйиш учун янги ўқув йилидан имтиҳонлар давлат тест марказига ўтказиб берилган. Бу янги тизим бўлгани учун ўтиш балли жуда паст – 66.1 балл қилиб белгиланган.

«Мен бугун халқимизга мурожаат қилмоқчиманки, таълимда юмшоқлик кетмайди. Биз ҳозирдан ҳужжатларни имзолаймизки, келаси йилдан, дейлик, бу йил соҳалар бўйича таълим йўналишида ўтиш балли қанча бўлган бўлса, келаси йил хориждан ўқишини кўчириб келадиганларга ҳам шу балл талаби бўлади. Буни ҳозирдан айтяпман.

Бу кимнидир кўкрагидан итариш эмас, алданмаслик керак. Олий таълимга киришда турли қинғир йўлларни излаш керак эмас», – деди Тошқулов.

Вазирнинг қўшимча қилишича, тизимда яна бир муаммоли ҳолатлардан бири — хориждан ва мамлакат ичидан ўқишни кўчираётганлар учун моддий ва бошқа имкониятлар етишмаслиги масаласи ҳамон сақланиб турибди.

«Бу йил Ўзбекистонга ўқишини кўчириш мақсадида ҳужжат топширганлар сони сони 98 минг нафардан ошди. Улардан 95 минг нафари тестга кирди. Бунда Қирғизистондан 45 минг, Қозоғистондан 25 минг, Тожикистондан 14 минг нафар ёшларимиз бизга ҳужжат топширган. Бошқа давлатлардан ҳам бор.

Эътибор беринг, бу йил баллни паст қилиб белгиладик дедим. Лекин шунда ҳам 95 мингдан бор-йўғи 30 фоиз – 27 минг атрофидаги талаба имтиҳонлардан ўта олди.

Энди шунча талаба келганда ҳам бу бизга қўшимча юк бўлади. Чунки қабул шундоқ ҳам кўп. Унга ётоқхона, ўқув корпуслари ва ўқитувчилар керак. Шунинг учун биз уларни кечки ва сиртқига ўтказишга мажбур бўляпмиз. Бизда бу йўналишда ҳам муаммолар чиқяпти», – таъкидлади Абдуқодир Тошқулов.

Олий таълим вазирнинг таъкидлашича, тизимда бунга қўшимча яна бир муаммо — ўқишини мамлакат ичида ҳам ўзгартирмоқчи бўлган ва ҳужжат топширган 60 мингдан ортиқ талаба масаласи юзага чиққан.

«Агар биз юқоридаги ва мана шу рақамни қўшсак, жорий йилга белгиланган квота сони билан тенг бўлади. Яъни янги ўқув йилида ўқишга қабул бўйича давлат белгилаган квоталар 170 минг бўлса, ўқишни кўчиришга яна 160 минг ҳужжат топширилди.

Бу муаммони ечишда айримлар хорижда бўлгани каби академ мобиллик ҳақида гапиради.

Бу шундай тизимки, талаба Самарқанд давлат университетига ўқишга кирдими, 1 семестр ёки 1 ўқув йили Тошкентда ўқиши мумкин, лекин дипломни барибир Самарқанддан олади.

Афсуски, шу шароитда яна 25 минг талаба ўз ҳудудидаги ОТМларга ўқишини кўчириб келди. Биз бунинг ҳам тартибларини ўйлаб кўрамиз. Нега? Чунки Тошкентга ўқишини кўчириш учун Тошкент пропискасига киришнинг эгри йўллари жуда кўпайиб кетди.

Шунинг учун келаси йилдан ички тартибда ўқишни кўчириш ҳам оптималлаштирилади.

Фикримча, талаба ўқишга киришда ўз йўналишини танлар экан, касбига муҳаббат, меҳр ва садоқат билан ёндашиши керак. Афсуски, бизда 70 фоиз ҳолатда қайси ўқишнинг кириш балли паст деган тушунча бор», – дея вазир Абдуқодир Тошқулов сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид