Ўзбекистон | 19:27 / 02.10.2021
10668
5 дақиқада ўқилади

“Ишни тўғри ташкил қилсангиз, эски даврдагидек “танка”нинг кераги йўқ” — Ostex Group топ-менежери

Жамил Мақсуди – Ostex компаниялар гуруҳи бошқарув кенгаши аъзоси. Қашқадарёга сафаримиз давомида ушбу компания таркибига кирувчи Oqsaroy Vortex корхонаси ва Оқсарой кластерида бўлиб, компания топ-менежери билан суҳбатлашдик.

Oqsaroy Vortex корхонаси 2020 йилнинг ноябрь ойида ишга тушган бўлиб, лойиҳа қиймати 15 миллион долларни ташкил этади. Корхонада 600 нафардан зиёд ходим ишлайди.

— Жамил Мақсуди бу компанияга қандай келиб қолган?

— Бу ерга ишга келишимдан аввал турли соҳаларда ишлаб кўрдим. Иш фаолиятимнинг илк йиллари шарбат ишлаб чиқарувчи корхонада ўтган бўлса, кейинчалик коммуникация соҳасида фаолият юритувчи Эриксон ва Нокиа компанияларида ишладим. Сўнг IT компанияда ишладим.

Яқин дўстим текстиль соҳасида ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш, экспорт ва импортни назорат қилувчи кураторликка талиф қилгач, 2016 йилда ушбу компанияга ўтдим. Мен учун янги бўлган бу соҳани алифбосидан бошлаб ўрганишга тўғри келди.

— Жамил ака, марказий офис пойтахт Тошкентда жойлашган бўла туриб, вилоятлардаги корхоналарни бошқариш қийин эмасми?

Компаниялар гуруҳининг топ-менежерлари бор ва уларнинг ҳар бирининг ўз жадвали мавжуд. Топ-менежерлар фақат Тошкентда ўтириб ишламасдан, белгиланган вақтда республикадаги корхоналарга ташриф буюриб, ўз йўналишидаги ҳолат ва муаммоларни ўрганади ҳамда зарур чораларни кўришга ҳаракат қилади.

— Сизни Жамиллионер деб аташаркан. Ростдан миллионермисиз?

— (Кулади) Йўқ, Худо хоҳласа, бўлиб қолар. Кўп йиллар муқаддам Инстаграм тармоғида рўйхатдан ўтаётганимда, ўзимга юзернейм танлаётганда қийналдим. Мен танламоқчи бўлган вариантларнинг бари банд экан. Шунда таваккалига Жамиллионер вариантини синаб кўрдим – бўш экан. Шу-шу, Жамиллионер бўлиб қолдим.

— Таниқли бир блогернинг айтишича, Ўзбекистондаги катта бизнесларнинг 90 фоизининг “танка”си бор экан. Сизлар шу 90 фоизга кирасизларми ё қолган 10 фоизга?

— (Қатъий қилиб) 10 фоизга. Бу бизнесга 2016 йил кириб келган бўлсам, ўша пайтлар битта фабрика бор эди. Изландик, модернизация қилдик, технологияларни ва жараёнларни ўзгартирдик, мутахассисларни жалб қилдик, шу тариқа бизнесни кенгайтириб бордик.

Одам ўзига ишонса, иш жараёнини тўғри йўлга қўя олса, одамлар ва давлат билан муносабатларни рисоладагидек шакллантира олса, солиқ ва бошқа масалаларни шаффоф қила олса, эски даврлардагидек “танка”нинг кераги йўқ.

— Сиз президент билан учрашгансиз. Оддий одам сифатида давлат раҳбари билан учрашиш қанақа бўлиши қизиқ: ҳиссиётлар, тайёргарлик, кутиб олиш ва ҳоказо?

— Президент билан икки бор кўришганман. Биринчиси 2018 йилда Зарбдордаги фабрикада. Иккинчиси 2020 йил ноябрда шу фабрикада. Бу ерга келиш-келмасликлари аниқ эмасди. Карантин чоралари, тиғиз график ва бошқа омиллар туфайли келишларига ишончимиз комил эмасди. Лекин фабрикамизда ишлаб чиқарилаётган сунъий тола у кишини жуда қизиқтираркан – келдилар.

Ишлаб чиқариш ускунамиз янги усулда ишлашини тушунтираётганимда: “Ҳа, бундай технологияда ишловчи ускунадан чиққан ипнинг сифати юқорироқ бўларкан-да” деб, соҳанинг нозик тарафларини ҳам тушунишларини намоён қилиб қилиб, ҳайратда қолдирганлар.

— Президент билан учрашувнинг биринчиси қандай бўлганди? Қандайдир қизиқ ҳолатлар бўлганми ундаям?

— 2018 йилнинг март ойида Жиззахнинг Зарбдор шаҳридаги тикув фабрикамизга ташриф буюргандилар. У ерда футболка, пижама каби тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу олий даражадаги илк ташриф бўлгани боис, биз учун ниҳоятда бошқача бўлган. Режамиз бўйича фабрика май ойларига очилиб, ишга ўша атрофда яшайдиган ёш қизлар жалб қилиниши керак эди. Лекин вилоят ва туман ҳокимларининг қистови билан ҳали ишга тушмаган фабрикага қизлар олиб келинган. Ташриф мобайнида компания раҳбаримиз президентга тушунтириш бераётганда бор ҳақиқатни айтган. Ҳолбуки, бу жуда қалтис иш эди. Яъни раҳбаримиз: “Фабрикада ўтирган қизларнинг ишга ўқитиш жараёни энди бошланади. Эплаб кетганлари май ойидан ишга олинади ва фабрикада қолади”, деганда, президент: “Булар ҳали ишламайдими?” деб сўраган. “Йўқ” деб жавоб берилган.

— Реакция қандай бўлган?

— Реакция оддий бўлган. Энг қизиғи, ишлаб чиқариш қисмига президент билан саноқли одам кирган. Ташқарида қолган бошқа мутасаддилар оммавий ахборот воситаларига фабриканинг ишга тушгани ва унинг экспорт салоҳияти ҳақида интервьюлар бериб юборишган. Энг тепада ҳақиқат нормал қабул қилинди. Ўрта бўғинда эса ҳануз эскича қарашда юрибди.

Шоакмал Исроилов суҳбатлашди.

Мавзуга оид