Виза. Бу сўзни эшитганда кўпчилик бошқа мамлакат ҳудудига кириш ҳуқуқини берувчи халқаро ҳужжатни тушунади. Аммо бугун виза деб талаффуз қилинувчи бошқа бир йирик бизнес гиганти – VISA ҳақида гаплашамиз.

Ҳар қандай йирик брендлар инсонлар ҳаётини осонлаштиргани учун муваффақиятга эришган. VISA мана шундай компаниялардан бири. Ҳамма ҳам бир қоп танга ёки бир дунё қоғоз пули бўлишини истайди, аммо бу қанчалик ажойиб бўлмасин, уларни олиб юриш шунчалик ноқулай ҳам. Ўтган асрнинг 50-йилларига келиб, дунёнинг турли мамлакатларида миллионлаб одамлар мана шундай муаммога дуч келади.

1958 йил 18 сентябрда АҚШнинг энг машҳур банкларидан бири Bank of America BankAmericard картасини жорий қилди. Карта одамлар орасида оммалашиши учун Bank of America катта таваккалга қўл урди. Банк Фрезно шаҳри ва унга ёндош ҳудудларда яшовчи одамлар уйига жами 65 000 банк карталарини тарқатиб чиқди. Тасаввур қилинг, уйғониб тонгги газетани почта қутингиздан олишга чиқсангиз, у ерда сиз учун тайёрлаб қўйилган карта турибди.

Ушбу лойиҳани бошлаб олишга Bank of America 8 миллион доллар сарфлади. АҚШ долларининг 2019 йилдаги ҳолати билан солиштирганда, бу иш тахминан 70 миллион долларга тушган. Бу пуллар Калифорниядаги йирик шаҳарлардан бири бўлган Фрезнони терминаллар билан таъминлаб чиқиш, реклама ва картани тайёрлаб, етказиб бериш хизматларига сарфланди. Шунингдек, Сан Франциско, Сакраменто, Лос Анжелес ва Калифорниянинг бошқа шаҳарларида ҳам BankAmericard карталари тарқатилди. 1959 йил якунига қадар Калифорния бўйлаб 2 миллионта карта тарқатилди ва 20 мингдан зиёд савдо шохобчалари ушбу банк карталарини қабул қиларди.

Bank of America’гача ҳам бир қатор кичик банклар шунга ўхшаш тизимларни амалиётга татбиқ этишга уринган, аммо бу самарасиз якунланади. BankAmericard хатолардан холи эмасди. Унинг ихтирочиси Жозеф Уильямс 1956 йилдан эътиборан Bank of Americaнинг тадқиқотлар бўлими бошлиғи эди. 1959 йилда у истеъфога чиқади. Йил охирига келиб федерал полиция BankAmericard билан боғлиқ бир қатор жиноятларни аниқлайди. Шундан сўнг, Bank of America раҳбарияти матбуот анжумани ўтказиб, юзага келган ноқулайликлар учун узр сўраб, барча зарарларнинг қопланиши ва банк картаси билан муаммо юзага келган одамларга янгиланган карталар тақдим этилишини эълон қилади.

Банк ўша пайтда 20 миллион доллар зарар кўради. Ушбу воқеадан сўнг, BankAmericard’га бўлган ишонч бирмунча пасаяди ва улар билан бир пайтда фаолият бошлаган Master charge қарийб 20 йилга бозорни ўз назоратига олади. Шунга қарамай, Bank of America раҳбарлари бу бизнеснинг келажаги порлоқ эканига ишониб, ишлашда давом этди.