«Соат тахминан 2:15ларда Қуйи Чирчиқ тумани осмонида астероид учиб ўтди. Уни телефонимда видеога олдим, лекин астероид бирор шовқин-сурон чиқармади», дейди Kun.uz’га юборилган видео муаллифи.

«Бу Марғилондан олинган видео. У олинганда соат 2:19ни кўрсатмоқда», — дейилади иккинчи видеода.

Kun.uz мухбири ушбу видеоларда акс этган осмон жисми нима эканлиги ва унинг табиатига аниқлик киритиш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори ўринбосари Юсуф Тиллаев билан боғланди.

Юсуф Тиллаевга кўра, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида кўриниш берган номаълум осмон жисми видеолари ҳозирда тадқиқотчилар томонидан ўрганилмоқда.

«Номаълум осмон жисми бўйича кеча бизга ҳам 7та видео етиб келди. Видеоларни синчиклаб ўрганарканмиз, ҳозирча бу номаълум жисмни коинот чиқиндиси (космик кемаларнинг атмосферада ёниб кетмаган бўлаклари) бўлса керак деган фикрда турибмиз. Лекин бу фикримиз қатъий эмас. Чунки бизда бу тахминни инкор қиладиган сабаблар ҳам бор. Масалан, биз охирги кунларда осмонга учирилган ракеталар бўйича маълумотларни қидириб кўрдик, аммо бу жисмнинг учиб ўтиш вақти ва яқин атрофда учирилган ракеталарнинг учирилиш вақти бир-бирига мос келмаяпти.

Бу номаълум жисмни комета ёки астероид деган тахминлар эса бизга унчалик маъқул эмас. Чунки астероидда ёниш каттароқ бўлиши керак. Биздаги номаълум жисмда нур ёниб ўчиб турибди», – деди Тиллаев.

Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори ўринбосари Юсуф Тиллаев

Мутахассис номаълум жисм қандайдир кузатувлар учун учирилган дрон бўлиши мумкинлиги тахмини юзасидан ҳам фикрларини билдирди.

«Бизда бу вариант ҳам бор эди, лекин уни чиқариб ташладик, чунки дроннинг учиш баландлиги бундай бўлмаслиги керак. Номаълум жисм бир неча ўн километр баландликда учмоқда», – деди у.

Юсуф Тиллаевнинг таъкидлашича, Астрономия институти қошида коинот чиқиндилари ва ерга потенциал хавф туғдирувчи осмон жисмларини ўрганиш маркази ҳам фаолият юритади. Аммо номаълум жисм ушбу марказ томонидан сезилмаган.

«Осмон жисмларининг сезилмай қолиши жуда хавфли ҳисобланади. Масалан, сайёрамизга метеоритларнинг урилиши тез-тез бўлмаса ҳам кузатилиб турадиган ҳодиса. Энг сўнгги кучли тўқнашув 1908 йилда содир бўлган. Сибирдаги Тунгуска дарёсига 50-100 метр диаметрдаги олов шари урилишдан ҳосил бўлган портлаш кучи 1945 йилдаги Хиросимага ташланган атом бомбаси кучидан 185 марта кучлироқ бўлган.