10:34 / 07.10.2021
12738

Фуқароларни «калтафаҳм» деб ҳақорат қилган Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби лавозимидан озод қилинди

Фото: Kun.uz

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрлари ва кодексини бузган Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Ф.Қодиров лавозимидан озод қилинганини билдирди.

Маълум қилинишича, куни кеча Ф.Қодиров ижтимоий тармоқлардаги оммавий мунозара пайтида давлат хизматчисининг мақомига хос бўлмаган тарзда ўз фикрини нотўғри шаклда билдириб, мулоқот маданиятининг умумқабул қилинган меъёрларини бузган. У мулоқот давомида қўпол сўзлар ишлатган, бу ҳолат ўз навбатида, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган.

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби Facebook'даги изоҳида: “Мен ўйламаган эдим одамлар бунчалик калтафаҳм деб. Мен тарқатган хабар ўқимишли инсон учун оддий ҳол, (тупой) ёки ўзидан (тупой) ясаб олган калтафаҳмлар учун буни тушуниш қийин”, — дея ёзиб қолдирган.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги матбуот котиби билан меҳнат муносабатларини давом эттириш мумкин эмас, деган қарорга келган. Чунки у ўз хатти-ҳаракатлари билан Давлат хизматчисининг ахлоқий меъёрлари ва кодексини бузган, шунингдек, ўз фаолиятида мулоқот маданияти меъёрларига риоя қилмаган.

Агентлик барча матбуот котибларини сўзга масъулиятли бўлиш, ўз вазифаларига жиддий ёндашиш, шунингдек, аҳоли сўровларига тезкорлик билан жавоб беришга чақиради”, – дейилади АОКА баёнотида.

Top