Жаҳон | 15:12 / 07.10.2021
9019
2 дақиқада ўқилади

Пандемиядан аввал америкалик ва хитойлик олимлар янги коронавирус яратишни режалаштиргани маълум бўлди

Қайд этилишича, 2014 йилда АҚШ миллий соғлиқни сақлаш институти кўршапалаклардаги коронавирусни ўрганиш учун EcoHealth Alliance ташкилотига 5 йил давомида 666 минг доллар миқдоридаги йиллик грант берилишини тасдиқлаган.

Фото: SCMP

Америкалик ва хитойлик олимлар пандемия бошланмасидан аввал янги коронавирус яратишни режалаштиргани маълум бўлди.

Daily Mail нашрининг ёзишича, АҚШ мудофаа вазирлигининг истиқболли тадқиқот лойиҳалари агентлигига (DARPA) берилган грант учун ариза ўтган ойда жамоатчиликка маълум бўлган. 2018 йилда берилган ушбу аризада айтилишича, халқаро олимлар гуруҳи янги вирус яратиш учун ўхшаш штаммларнинг генетик маълумотларини бир-бирига қўшишни режалаштирган.

Грант учун берилган ариза пандемиянинг келиб чиқишини ўрганиш билан шуғулланувчи Drastic гуруҳи қўлига келиб тушган.

Бу тажриба табиатда йўқ вируснинг пайдо бўлишига олиб келган бўларди, деди ЖССТ эксперти The Telegraph нашрига берган изоҳида.

«Натижада табиатда ҳеч қачон учрамаган, янги «асос»га эга, аммо табиийга ўхшаш вирус пайдо бўларди», – деди исмини маълум қилишни истамаган эксперт.

Маълум бўлишича, бу тажрибани молиялаштириш таклифи рад этилган, Уҳандаги вирусология институтидаги вирус штаммларининг маълумотлар базаси эса 18 ойдан сўнг ўчириб қўйилган.

Грант олиш учун аризани британиялик зоолог Питер Дашак ўзи раҳбарлик қиладиган EcoHealth Alliance ташкилоти, Уҳан вирусология институти, Шимолий Каролина университети ва Сингапурдаги Duke NUS тадқиқот марказидан иборат гуруҳ номидан берган, деб ёзади The Telegraph.

The Intercept қўлга киритган файллардан маълум бўлишича, 2014 йилда АҚШ миллий соғлиқни сақлаш институти (NIH) кўршапалаклардаги коронавирусни ўрганиш учун EcoHealth Alliance ташкилотига 5 йил давомида 666 минг доллар миқдоридаги йиллик грант (жами 3,3 миллион доллар) берилишини тасдиқлаган.

Қайд этилишича, EcoHealth Alliance бу маблағнинг 599 минг долларини Уҳан вирусология институтига берган.

Аввалроқ АҚШ вирус Уҳандаги лабораториядан чиқиб кетганини билдирган, ЖССТ махсус гуруҳи Хитойга келиб ушбу версияни ўрганганди. Гуруҳ вирус сунъий йўл билан яратилмаган деган фикрга келган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид