Тайванда сўнгги кунларда хитойликларнинг ҳарбий самолётлари 52 марта мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳудудига киргани қайд этилган. Суратда шундай самолётлардан бири -  PLA Xian H-6 бомбардимончиси /EPA 

Сўнгги тўрт кунда Пекин Тайван ҳаво мудофааси ҳудудига сон-саноқсиз жанговар самолётларини юборди. Улар оролга қадар учиб бормаган бўлса-да, Чиу Куо Чен вазият кескинлашган паллада кимдир хатоликка йўл қўйиб ўқ узиб қўйиши мумкин деб ҳисоблайди.

У Хитой ва Тайван ўртасидаги ҳозирги муносабатларни сўнгги 40 йил ичидаги энг мураккаби деб атади.

У шунингдек, ХХР 2025 йилда Тайванга бостириб киришни режалаштирганини тахмин қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, техник жиҳатдан Пекин бугунги кунда ҳам бунга тайёр, аммо яқин келажакда бу ишни ҳозиргидан ҳам осонроқ бажариши мумкин. Вазир ўз прогнозлари нималарга асосланганини айтиб ўтмаган.

Чиу Куо Чен бу ҳақда парламент қўмитаси мажлисида маълум қилган, унда Тайван қуролли кучлари учун бир неча миллиард долларга ракеталар ва ҳарбий кемалар сотиб олиш масаласи муҳокама этилган.

Тайван армияси сафида 300 минг атрофида ҳарбий бор. Суратда - 2021 йил 16 сентябридаги манёврларда иштирок этган M60A3 танклари

Тайван ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг ҳар қандай ҳарбий-ҳаво фаолликни қайд этадиган кузатув ҳудуди Тайван бўғозини тўлиқ ва Хитойнинг материкдаги қирғоқларининг бир қисмини қамраб олади.

Тайваннинг Ғарбдаги иттифоқчилари Хитой ўз ҳарбий қудратини намойиш этаётганидан хавотир билдиришган, аммо АҚШ президенти Жо Байденнинг айтишича, аввалроқ хитойликлар етакчиси Си Жинпинг Вашингтонни 1971 йилдан буён Тайван масаласида Америка-Хитой муносабатларида пойдевор бўлиб келаётган «Ягона Хитой сиёсати»га содиқ қолишига ишонтирган.

«Мен Си билан Тайван ҳақида гаплашдим. Биз Тайван бўйича келишувга содиқ қолиш бўйича келишиб олдик. У бунга зид иш қилади деб ўйламайман», деганди Байден.

Бу минтақада сўнгги марта жиддий ҳарбий кескинлик 1996 йилда кузатилганди, ўшанда Тайвандаги президентлик сайловлари арафасида Пекин намойишкорона ракета синовлари ўтказган, АҚШ эса бу ҳудудга ўз авиаташувчиларини жўнатганди.