Жамият | 19:05 / 08.10.2021
23311
5 дақиқада ўқилади

«Пиёдалар ўтиш йўлагида уриб юборилган пиёда - Ўзбекистондаги яна бир қўрқинчли статистика» - Шуҳрат Қурбонов автомактаблар, ҳайдовчиликка имтиҳон ва йўллар ҳақида

Фото: Getty Images

Йўлларда юз бераётган ўлим ҳолатлари масаласи йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш муаммосининг бевосита натижасидир. Бу ҳақда “Kurbanoff.net” телеграм канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов ёзмоқда.

“Битта автомактабларда таълимнинг яхшиланиши билан ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди. Йўлларда юз бераётган ўлим ҳолатлари масаласи йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш муаммосининг бевосита натижасидир. Агар кимдир бизнинг мамлакатда автомактабда ёмон ўқиганлар қизил чироқда ўтиб кетади ёки тезликни оширади деб ўйласа, у хато тасаввурга эга. Улар йўл ҳаракати қоидаларини кўп ҳолатларда бунинг учун ҳеч нарса бўлмаслиги сабабли бузишади. Гап вазиятдан чиқиб кетишда ҳам эмас (пул, қўнғироқ ёки ҳатто қимматбаҳо машина эгаси сезмайдиган жарималар билан), балки марказий кўчалардан четроқда тезликни ошириб ёки қизил чироқдан ўтиб кетиб ҳаракатланганда сизни тўхтатиб, жаримага тортишлари эҳтимоли нолга тенг.

Ростини айтсам, мен статистикани билмайман, лекин қурбонлар бўлган ЙТҲнинг аксарияти марказий кўчаларда содир бўлган, деб ўйламайман. Балки хато қилаётгандирман. Шунинг учун бу ерда ягона вариант - камераларни оммавий ўрнатиш ва фуқароларни қоидабузарларни топиш бўйича фаолиятида рағбатлантириш. Сиз бундай фуқароларни турли сўзлар билан ҳақорат қилишингиз мумкин, аммо яқин инсонингиз ёки танишингиз ЙТҲ қурбонига айланса ва айбдор ушланмаса ёки жазоланмаса, фикрингиз тезда ўзгаради.

Энди ўқиш ва имтиҳонлар ҳақида.

1. Имтиҳонлар. Кўпгина ривожланган мамлакатларда қайси мактабда ўқиганингиз ёки умуман ўқиганлигингиз ҳеч кимни қизиқтирмайди (гарчи ҳаммасида ҳам эмас, лекин бундай ҳолат мавжуд). Етарлича жиддий бўлган имтиҳонларни топширингиз керак. Хоҳласангиз ўзингиз мустақил тайёрланинг, хоҳласангиз қандайдир автомактабга қатнаб ўқинг. Аммо факт шундаки - ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонлардан ўтиш керак. Агар имтиҳонларни бизнинг даҳшатли автомактабларда ўқиётганлар топширса, демак вазият имтиҳонларга ҳам бевосита алоқадор. Фақат ҳайдовчилик гувоҳномалари беришнинг шаффоф ва қатъий тизимини яратиш орқали мактаблар муаммосини ҳал қилиш мумкин. Одамлар ҳеч нарса ўргатмайдиган жойга бормай қўяди ва сиз ҳам шунга яраша имтиҳон топширмайсиз. Айни пайтда, ҳақиқат шундаки, одамлар туғилган кун совғаси сифатида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши мумкин. Шунинг учун имтиҳонларни кучайтиринг, бу имтиҳонларни ўтказишда коррупцияга қарши курашинг, шунда автомактаблар муаммоси автоматик тарзда ҳал қилинади.

2. Инфратузилма. Пиёдалар ўтиш йўлагида уриб юборилган пиёда - Ўзбекистондаги яна бир қўрқинчли статистика. Мен ҳам бу ҳақда кўп маротаба ёзганман, икки ёки ундан ортиқ чизиқли йўлнинг ҳар бир йўналишида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойи бу - жиноят. Бундай ўтиш жойига рухсат берувчи қоғозга имзо қўйган одамни қотилликка уриниш сифатида суд қилиш керак. Тасаввур қилинг-а, Кичик ҳалқа йўлида тартибга солинмаган бундай ўнлаб ўтиш жойлари бор, улардан ўтиш жуда хавфли ва одамлар буни қилаётганини омад деб ҳисоблаш мумкин. Бунга рухсат бераётган ҳурматли масъулиятли раҳбарлар, машинангиздан шунчаки тушиб, кундуз куни у ердан камерасиз ўтиб кўринг-чи. Энди, фарзандингиз у ердан ўтиши кераклигини тасаввур қилиб кўринг. Бу борада бирор нарса қилиш керак, бу муаммо тўхташ тақиқланган белгиларидан ва бепул “тонировка”дан кўра муҳимроқдир.

Менимча, айнан шундан бошлаш керак. Номигагина ишлаётган автомактаблар эса барибир йўқ бўлиб кетади, чунки улар ҳозирча қоғоз учун керак, имтиҳон эса - ясама вазият”, деб ёзади телеграм канал муаллифи.

Аввалроқ, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Ўзбекистонда йил бошидан бери 6551та ЙТҲдан 1682таси ўлим билан тугагани ҳақидаги хабарга муносабат билдирганди.

“Автомактаблар “соққа” қилиш билан овора. Ўқитиш тизими бутунлай ишдан чиққан. Амалий дарслар чала-чулпа ўтилади. Бензинга пул, дарсга қатнашмаслик пул, имтиҳон пул. Натижада ҳар ойда йўлга минглаб "потенциал қотиллар" чиқарилади. Жамоатчиликни эса асосан монополия ташвишга солади”, дейилади Комил Алламжоновнинг муносабатида.

Мавзуга оид