Иқтисодиёт | 14:17 / 13.10.2021
24299
5 дақиқада ўқилади

Уч америкаликка қайси ишлар сабаб иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти берилди?

Америкалик уч нафар иқтисодчи Девид Кард, Жошуа Энгрист ва Гвидо Имбенс оддий кундалик ҳаётдаги «табиий тажрибалар»нинг жамият фаровонлигига таъсирини ўрганишдаги инновацион тадқиқотлари учун Нобел мукофотига лойиқ кўрилди.

Девид Кард, Жошуа Энгрист ва Гвидо Имбенс / Фото: NOBEL PRIZE OUTREACH

АҚШдаги етакчи университетларнинг уч олими иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлди. Улар фанда илмий бўлмаган тажрибалардан илмий хулосалар чиқариш мумкинлиги ҳақида тадқиқотлар олиб боришди ва шу орқали жамиятдаги мураккаб жараёнларни тушунишга имконият пайдо бўлди, умуминсоний уйғунлик ва фаровонликка энг қисқа йўлни топишга ёрдам беришди.

10 млн швед кронаси (1,14 млн доллардан ортиқроқ) мукофотнинг ярми асли канадалик Девид Кардга насиб этади, қолган ярми эса америкалик Жошуа Энгрист ва асли нидерландиялик Гвидо Имбенсга тенг тақсимланади. Ҳозирда уларнинг учаласи ҳам Америка фуқаролигига эга ҳисобланади.

Уларнинг изланишлари натижасида дунё лаборатория тажрибаларида ўрганиб бўлмайдиган саволларга жавоб олди. Масалан, туғилган сана боланинг келажакдаги таълим жараёни ва ривожланишига қандай таъсир қилиши мумкин? 31 декабрь ва 1 январда туғилган болалар ўртасида бир неча соат фарқ бўлса-да, баъзи мамлакатларда улар мактабга бир йиллик фарқ билан боришади.

Нобел мукофоти совриндорлари оддий кундалик ҳаётдаги ҳодисаларни ўрганиб табиий тажрибалар натижаларини баҳолаш методологиясини яратишди.

Улар иккита бир хил ривожланган ҳудудда битта компонент ўзгартирилса ва қолганлари ўзгаришсиз қолса, қандай натижага эришиш мумкинлиги ҳақида тадқиқот олиб боришди. Агар АҚШнинг бирор штати ёки Европа Иттифоқининг бир давлатида тўсатдан энг кам ойлик иш ҳақи оширилса, мактабларда ўқиш бир йилга узайтирилса ёки меҳнат муҳожирларини ёллаш чекланса, лекин қўшни штатлар ёки давлатларда бу компонентлар ўзгаришсиз қолдирилса, бу ҳодисаларнинг ривожланишга таъсирини ўлчадилар ва жамият фаровонлигига қандай таъсир қилишини аниқладилар.

Бу йилги лауреатлар табиий тажрибалар натижаларини баҳолашда илмий ёндашувни яратди.

«Олимларнинг изланишлари шуни кўрсатдики, табиий тажрибалар ҳам жамият учун муҳим бўлган саволларга жавоб бериши мумкин, масалан, энг кам ойлик иш ҳақи ёки иммиграция кўлами меҳнат бозорига қанчалик таъсир қилади. Уларнинг шарофати билан иқтисодиётда эмпирик тадқиқотлар инқилобий ўзгаришларга дуч келди», дея таъкидлаган Нобел қўмитаси.

Мукофот иқтисодиёт ва ҳаётни бир-бирига яқинлаштириш анъанасини давом эттиргани, кенг жамоатчиликка тушунарли шаклда амалга оширилгани, юқори даражали иқтисодчи-математиклар оддий одамларнинг ҳаётидан узоқда бўлмаган муаммоларга қизиқиш билдиргани учун тақдим қилингани айтиб ўтилган.

Иқтисодчилар узоқ вақт давомида иш ҳақи ва иш ўринлари ўртасида боғлиқликлар кучли деб ҳисоблашганини айтишган. Улар энг кам ойлик иш ҳақи ошса, баъзи ишчилар кўпроқ маош олади, бошқалари эса ишдан бўшатилади, деб ўйлаган. Кейинчалик тажрибалар орқали иш ҳақининг ошиши иш билан таъминланиш даражасига сезиларли таъсир ўтказмаслигини аниқлашган.

Яна америкаликлар

Бир неча йилдан бери иқтисодиёт йўналишидаги Нобел мукофоти америкалик тадқиқотчиларга насиб этмоқда. 2018 йилда Уилям Нордхаус ва Пол Ромер инновациялар, иқлим ва иқтисодиёт соҳаларидаги тадқиқотлари учун, 2019 йилда Абхижит Банержи, Эстер Дюфло ва Майкл Кремер глобал қашшоқликка қарши курашдаги экспериментал ёндашувлари учун, 2020 йилда эса Пол Милгром ва Роберт Уилсон кимошди савдоси назариясини такомиллаштиргани ва янги аукцион шаклларини ихтиро қилгани учун иқтисодиёт соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлишган. Уларнинг ҳаммаси Америка фуқаролигига эга.

Маълумот учун, иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти Алфред Нобелнинг васиятномасида кўрсатилмаган ягона мукофотдир. Расмий равишда, бу Алфред Нобел хотирасига бағишланган Швеция Давлат банкининг иқтисодиёт соҳасидаги мукофоти деб номланади. 1968 йилда Швеция марказий банки ўзининг 300 йиллик юбилейи шарафига Нобел жамғармасига иқтисодиёт соҳасида ҳам мукофот таъсис этиш учун маблағ ажратади. Иқтисодиёт соҳасидаги мукофот ғолиби Швеция Фанлар Академияси томонидан танланади ва бошқа илмий фанлар бўйича ишларни мукофотлаш билан бир хил қоидаларда амалга оширилади. Ҳозирги пайтда Нобел мукофоти 6та йўналиш: тиббиёт, физика, кимё, адабиёт, тинчлик ва иқтисодиёт йўналишларида тақдим қилинмоқда. Нобел мукофотларини топшириш маросими анъанавий равишда Стокҳолм ва Ослода мукофот таъсисчиси Алфред Нобел вафот этган кун – 10 декабрда ўтказиб келинган. Пандемия сабабли тақдирлаш жорий йилда ҳам худди ўтган йилдаги каби Стокҳолмда эмас, балки онлайн тарзда совриндорлар яшовчи давлатларда ўтказилади. Шу билан бирга, тинчлик бўйича Нобел мукофотини топшириш бўйича ҳали бир тўхтамга келинмаган ва у анъанавий равишда Ослода топширилиши ҳам мумкин. 

Мавзуга оид