Иқтисодиёт бўйича бу йилги Нобел мукофоти АҚШ университетларида ишловчи уч иқтисодчи Дарон Ажемўғли, Саймон Жонсон ва Жеймс Робинсонга мамлакатлар ўртасидаги бойликдаги тафовут, хусусан, Европа мустамлакаси баъзи мамлакатларнинг бой бўлишига, бошқалари эса камбағал бўлиб қолишига олиб келганини кўрсатувчи тадқиқотлари учун берилди.

Ўзбек жамоатчилиги Ажемўғли ва Робинсонни ўзбек тилига ўгирилган “Мамлакатлар таназзули сабаблари” китоби орқали танийди. 2012 йилда нашр этилиб, бестселлерга айланган китобнинг тўлиқ номи – “Нима учун халқлар муваффақиятсизликка учрайди: куч, фаровонлик ва қашшоқликнинг келиб чиқиши”. Бу уларнинг энг машҳур китоби. Саймон Жонсон эса Дарон Ажемўғли билан биргаликда “Куч ва тараққиёт: Технологиялар ва фаровонлик учун минг йиллик кураш” китобини ёзган.

Мамлакатлар ўртасидаги тафовутни камайтириш – энг катта муаммолардан бири

Фото: Getty Images

Нобел қўмитасига кўра, лауреатларнинг тадқиқотлари қонун устуворлиги паст бўлган жамиятларда аҳолини эксплуатация қилувчи институтлар тараққиётга ғов бўлишини кўрсатиб берган.

“Мамлакатлар ўртасида даромадлардаги катта тафовутни камайтириш замонамизнинг энг катта муаммоларидан биридир. Мукофотланганлар ушбу мақсадга эришишда давлат институтларининг муҳимлигини кўрсатиб беришди”, деб ёзади иқтисодиёт бўйича мукофот қўмитаси раиси Якоб Свенссон ўз баёнотида.

Ажемўғли Массачусетс технологиялар университетида макроиқтисодиёт ва сиёсий иқтисод бўйича мутахассис. Жонсон эса ушбу университетнинг Sloan менежмент мактабида глобал иқтисодиёт ва менежмент гуруҳини бошқаради. Робинсон Чикаго университети қошидаги Ҳаррис давлат сиёсати мактабида глобал конфликт тадқиқотлари профессори.

Ню-Йорк университети профессори, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz билан суҳбатда айтишича, бу олимларнинг, айниқса Дарон Ажемўғлининг эртами-кечми Нобел билан тақдирланиши аниқ эди.