Иқтисодиёт | 17:55 / 15.10.2021
17116
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Марказий Осиёда камбағалликни қисқартиришни тезлаштирувчи омилларни маълум қилди

Фото: Getty Images

Иқтисодиётни тиклаш суръатининг тезлашиши ва камбағалликни қисқартириш прогнозлари яхшиланиши баробарида, давлат сиёсати тўғри амалга оширилган ҳолда, Марказий Осиё давлатлари COVID-19 пандемиясидан олдин кузатилган камбағалликни қисқартириш суръатларига қайтиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Жаҳон банки иқтисодчилари «Марказий Осиёда пандемия ва камбағаллик қийинчиликларини енгиб ўтиш» онлайн-брифинги доирасида маълум қилди.

Қайд этилишича, 2000-йилларнинг бошида Марказий Осиё мамлакатларининг камбағалликни қисқартириш суръатлари дунёдаги энг тез бўлган. Бироқ, 2009 йилдан бошлаб бу соҳадаги ўсиш секинлашган, минтақадаги айрим давлатларда эса бу ўсиш ҳатто тўхтаб қолган. Марказий Осиё давлатлари инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашда ва камбағалликни қисқартиришда қийинчиликларга дуч келиб турган пайтда COVID-19 пандемияси уларнинг иқтисодиёти ва халқ фаровонлигига сезиларли зарба бергани айтилди.

Маълум қилинишича, ҳозирда Марказий Осиёда камбағаллик даражаси яна пасаймоқда. Бироқ, юқори инфляция ва эмлашнинг пастлиги шароитида, камбағал ва аҳолининг энг заиф қатламлари озиқ-овқат маҳсулотлари олишга бўлган имконияти чеклангани, ноаниқлик ва бандлик имкониятлари камлигидан азият чекишда давом этмоқда. Бу, айниқса, минтақадаги аёлларда намоён бўлмоқда.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича катта иқтисодчиси Уилл Зейтц қуйидагиларни қайд этиб ўтди: «Марказий Осиё пандемия оқибатида юзага келган биринчи зарбалардан кейин тикланмоқда, аммо жараён нотекис кетмоқда. Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришнинг асосий омиллари бўлган миграция ва пул ўтказмалари 2019 йил кўрсаткичларига тез қайтмоқда. Меҳнат бозорлари ҳам тикланмоқда ва уларнинг ишидаги узилишлар анча кам учрамоқда. Бироқ, минтақа ҳали камбағалликни қисқартиришнинг барқарор йўлига чиқиб олиши керак».

Билдирилишича, Жаҳон банки камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсати устувор йўналишларининг 3та асосий йўналишини белгилаб беради, жумладан, аҳолини эмлаш, иш билан таъминлаш ва иш ҳақини ошириш ҳамда аҳоли энг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш учун ижтимоий ёрдам дастурларини янада ривожлантириш. 

Жаҳон банки иқтисодчиларининг таъкидлашича, қисқа ва ўрта муддатли истиқболда меҳнат бозори тикланишини қўллаб-қувватлаш чоралари сифатида «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш доирасида янги иш ўринлари яратишни, хусусий сектор ўсиши учун шарт-шароитларни янада яхшилашни ва янги фирмалар яратишни ўз ичига олиши керак.

Шу билан бирга, иш билан бандликни ошириш камбағаллик билан боғлиқ барча муаммоларни ҳал қила олмаслиги, аҳоли энг заиф қатламларини ҳимоя қилиш учун ишончли ижтимоий хавфсизлик тизимлари зарурлиги таъкидланди. Ўрта даромадли бошқа давлатлар билан таққослаганда, Марказий Осиёдаги ҳукуматлар одатда аҳолининг камроқ қисмини ижтимоий ҳимоя хизматлари билан қамраб олиши айтилган.

«COVID-19’га қарши самарали ва хавфсиз вакциналар олишга адолатли, кенг имкониятларни таъминлаш билан бир қаторда, Марказий Осиё давлатлари зудлик билан аҳоли орасида эмлашнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги шубҳаларни бартараф этиш чораларини кўриши керак, чунки улар тикланиш жараёнини секинлаштириши билан таҳдид қилмоқда», деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова. 

Қайд этилишича, эмланган ҳар бир миллион кишига мос равишда глобал ЯИМ ўртача 8 миллиард АҚШ доллари миқдорида кўпаяди. Прогнозларга кўра, иқтисодиёти ривожланган ва эмлаш даражаси нисбатан юқори бўлган мамлакатлар эмлаш даражаси паст бўлган ривожланаётган мамлакатларга қараганда анча юқори иқтисодий ўсиш кўрсатади.

Мавзуга оид