Охирги йилларда Марказий Осиёда ўзаро жипслашиш заруратига катта урғу берилмоқда. Минтақа давлатларини бунга ундаётган энг асосий омиллар бири – иқтисодий манфаатлар. Аммо жорий йилда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатларга экспорт ҳажми кескин равишда пасайиб кетди.

Статистика агентлигининг расмий маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ-август ойларида тўртта қўшни мамлакатга экспорт ҳажми 2023 йилнинг мос даврига нисбатан қуйидагича миқдорларда пасайган:

  • Қозоғистонга 950 млн доллардан 872 млн долларгача;
  • Қирғизистонга 491 млн доллардан 365 млн долларгача;
  • Тожикистонга 389 млн доллардан 329 млн долларгача;
  • Туркманистонга 118 млн доллардан 78 млн долларгача қисқарган.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи савдо айланмасида Марказий Осиё давлатларининг улуши 2023 йилнинг дастлабки 9 ойида 11,5 фоизни (40 млрд 45 млн долларлик ТСАнинг 4 млрд 574,3 млн доллари МО давлатлари билан) ташкил этган бўлса, жорий йилда бу 10,3 фоизгача (42 млрд 703,3 млн долларлик ТСАнинг 4 млрд 400,6 млн доллари МО давлатлари билан) камайди.

Январ-август ойларида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатларига экспорти ҳажми (млн долларда):

“Бу – экспорт диверсификацияси билан боғлиқ”

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, харид қобилияти юқори бўлган мамлакатларга экспорт ҳажмини оширишга кўпроқ эътибор қаратилаётгани учун қўшни мамлакатларга маҳсулот етказиб бериш қисқарган.

“Ўтган давр мобайнида янги бозорларни топиш ва уларга киришдаги мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф қилиш, мураккаб географик жойлашувимизни ҳисобга олган ҳолда самарали транспорт-логистика тизимини ташкил қилиш орқали харид қобилияти юқори бўлган Европа, араб давлатлари, Жанубий-Шарқий Осиё, Америка қитъаси мамлакатларига экспорт ҳажмини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, январ-август ойларида экспорт ҳажми Саудия Арабистони ва Швецияга қарийб 5 баробар, Португалия, Ирландия, Бразилия, Финландия ва Баҳрайнга 4 баробаргача, Словения, Дания, Марокаш ва АҚШга 3 баробаргача, Канада, Франция, Қатар, Литва ва Швейцарияга 2 баробаргача ошди.