2021 йил Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Россиянинг «Новая газета» нашри бош муҳаррири Дмитрий Муратов ҳамда филиппинлик тадқиқотчи журналист Мария Рессага демократия ҳамда барқарор тинчлик ўрнатилишининг дастлабки шарти бўлган фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича интилишлари учун берилди.

Хўш, кўпчилик учун журналистлар таҳдид остида бўлган мамлакатда матбуот эркинлиги учун курашишнинг ёрқин намунасига айланган Мария Ресса ким ва у нима сабабдан бундай юксак мукофотга лойиқ кўрилди?

Уйдан кетиш

Мария Ресса 1963 йилда Филиппин пойтахти Манилада туғилган. Жуда ёш пайтидаёқ отаси вафот этади, онаси эса Америкага ишлашга кетишга мажбур бўлади. Ресса тўққиз ёшлигида Филиппинда давлат тўнтариши содир бўлади, мамлакат президенти Фердинанд Маркос Конгресс билан зиддиятлари сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилади ва конституцияни бекор қилади. 1973 йилда онаси Рессани ҳам Америкага олиб кетади.

«Мен Нью-Жерси штатига бордим, ўша пайтда инглиз тилида зўрға гаплашардим ва ўзим учун бу ердаги катта оқ дунёда калта жигарранг бола нима қилаётганини аниқлашим керак эди», дейди у BBC мухбири Лейси Доусет билан суҳбатда.

Дастлаб Ресса Нью-Жерсидаги Томс Ривер ўрта мактабини, кейин Принстон университетини имтиёзли диплом билан тугатади ва Филиппиндаги Дилиман университетида ўқишни давом эттириш учун тўлиқ имтиёзли стипендияни қўлга киритади. Бу пайтда диктатор Маркос фавқулодда ҳолатни бекор қилган бўлишига қарамай мамлакатни бошқаришда давом этмоқда эди. 1986 йилда у навбатдаги президентлик сайловларида ҳам ғалаба қозонади, лекин асосий рақиби, мухолифатнинг ўлдирилган етакчиси Бенигно Акинонинг беваси Корасон Акино мағлубиятини тан олмайди. Юз минглаб намойишчилар кўчаларга чиқишади ва Маркос мамлакатдан қочиб кетади. Мана шундай сиёсий беқарор вазиятда Мария Ресса ўз ватанига қайтди.

«Мен ҳар доим Қўшма Штатларда америкалик эмаслигимни ҳис қилардим, кейин Филиппинга қайтиб келдим ва бу ерда филиппинлик ҳам эмаслигимни англадим», дейди у.

Журналистика томон қадамлар

У дастлаб телевидениеда ишлай бошлади, бир йилдан кейин продюсерлик компаниясига асос солди. 1988 йилда эса АҚШнинг СNN нашрига ишга киради ва 1995 йилга келиб СNN’нинг Манила ва Жакартадаги иккита бюроси бошлиғи лавозимига кўтарилади.

Ресса мамлакатдаги этник тозалаш ва сепаратизм ҳаракатлари ҳақида кўплаб мақолалар ёзди. Жануби-Шарқий Осиёда «Ал-Қоида» фаолияти бўйича текширувлар ўтказди. У сайловлар ва сиёсий инқирозларни ёритган, президентлар ва бош вазирлар билан суҳбатлар ташкил қилган. 2000-йиллар бошларига келиб, Мария Ресса кўп мукофотларга сазовор бўлган таниқли журналист сифатида эътироф этила бошлайди. Филиппиннинг энг йирик медиа компанияси АBC-СBN’нинг янгиликлар бўлимига раҳбарлик қилди, сўнгра ташкилотнинг вице-президенти лавозимига кўтарилди. АBC-СBN’да олти йил ишлаган Ресса 2010 йилда шартномасини узайтирмаслигини маълум қилади ва ишдан кетади.