Жаҳон | 17:55 / 10.11.2024
2696
2 дақиқада ўқилади

Хитой Филиппиннинг денгиз зоналарига оид қонунига жавобан патрулликни кучайтиради

Пекин Жанубий Хитой денгизи сувларида тартибни таъминлайди, экология ва биологик ресурсларни, суверенитети ва денгиздаги манфаатларини ҳимоя қилади.

Фото: Aaron Favila/AP

ХХР денгиз полицияси Филиппин томонидан денгиз зоналари тўғрисидаги қонун қабул қилинганига жавобан Жанубий Хитой денгизида партуллик қилишни кучайтиради. Бу ҳақда Хитой Соҳил қўриқлаш бошқармаси маълум қилди.

«Соҳил қўриқлаш хизмати Хуанян ҳудудий сувларида патруллик ва ҳуқуқ-тартибот фаолиятини кучайтиради», дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, Пекин ушбу сувларда тартибни таъминлайди, экология ва биологик ресурсларни, суверенитети ва денгиздаги манфаатларини ҳимоя қилади. Хитой томони миллий қонунчилик, БМТнинг тегишли конвенциялари ва бошқа халқаро ҳуқуқ нормалари доирасида иш кўриш ниятида.

Филиппин ҳукумати денгиз зоналари ва денгиз коридорлари тўғрисида иккита қонунни қабул қилди. Улардан бири Маниланинг мамлакат қирғоғидан 370 километргача масофада энергия ресурсларини қазиб олиш бўйича «эксклюзив ҳуқуқини» таъминлайди. Хитой ҳукуматининг ҳисоблашича, бундай қарор Жанубий Хитой денгизи бўйича томонларнинг хатти-ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияни жиддий равишда бузади. Шу боис ХХР Ташқи ишлар вазирлиги Филиппин элчисини чақириб, Манилага жиддий арзномасини билдирди.

Август охирларида Жанубий Хитой денгизининг баҳсли ҳудудида Хитой ва Филиппинга тегишли кемалар ўзаро тўқнашиб кетганди. Хитой соҳил қўриқлаш хизматининг маълум қилишича, Филиппинга тегишли кема ноқонуний равишда Жанубий Хитой денгизининг Сянбин рифи ҳудудига кирган ва Хитойга тегишли кемани «қасддан туртиб кетган».

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид