Жаҳон | 21:38 / 18.10.2021
7694
2 дақиқада ўқилади

LunaNet лойиҳаси — АҚШ Ойга интернет туширишни режалаштирмоқда

Ойни забт этиш АҚШ космик дастурининг яқин ўн йилликдаги устувор мақсадларидан бири ҳисобланади. Миллий космик агентлик (НАСА) Ойга интернет тушириш орқали у ва Ер ўртасидаги алоқани таъминлашни режалаштирмоқда.

Фото: NASA

Америкалик астронавтлар Ойда 1969 йил ёзида ва 1972 йил қишида бўлишган. 2017 йилда президент Доналд Трамп Ер йўлдошини забт этиш тўғрисидаги йўриқномани имзолади.

Ушбу йўриқномага кўра, 2021 йил ноябр-2022 йил январида Ойга Artemis-1 учувчисиз космик қурилмаси парвоз қилади. Яқин беш йил ичида Ойга астронавтлар учиши лозим.

НАСА ушбу дастур доирасида ишлаб чиқаётган янги технологиялардан бири Ой интернетидир.

Ойда Wi-Fi нима учун керак?

Гап шундаки, астронавтлар тўплашни режалаштирган барча маълумотларни узатишга мавжуд алоқа радиоканалларининг қуввати етмайди. НАСА режасига кўра, бўлажак миссия шунчаки Ойга парвоз билан чекланмайди. Астронавтлар у ерда узоқ вақт қолади.

LunaNet лойиҳаси Ой юзасига бир нечта алоқа узатиш боғламаларини ўрнатишни кўзда тутади. 

"LunaNet Ердагидан мустақил навигация учун янги имкониятлар тақдим этади. Парвоз қиладиган ва роботлашган миссиялар ўз жойини тез ва аниқ топади ҳамда олинган маълумотларни узатади", — дейди NASA вакили Шерил Грэмлинг.

Бундан ташқари, алоқа боғламалари фавқулодда вазиятларни кузата олади ва астронавтларни бу ҳақда огоҳлантиради.

Ой интернетининг яна бир хусусияти: у одам ёки юкнинг қаерда жойлашганини аниқ кўрсата олади. 

Синов Кливлендда ўтказилмоқда

Ушбу технология синови Ерда ўтказилмоқда ва синов ўтказилаётган жойда жорий этилади. НАСА лойиҳа синови учун Оҳайо штатининг энг катта шаҳри – Кливлендни танлаган.

Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, шаҳардаги уйларнинг 31 фоизи кенг полосали интернетга уланмаган. Улар симёғочларга ўрнатилган маршрутизаторлар бутун Кливлендни тезлиги сониясига 7,5 мегабит бўлган интернет билан таъминлашини ҳисоблаб чиқишди.

НАСАдагилар бу нафақат Ойни ўзлаштириш, балки АҚШ иқтисодиётига таъсир кўрсатишда ҳам ёрдам беришини айтишмоқда.

Ҳозирда Кливленд лойиҳаси ишлаб чиқишнинг фаол босқичида. 2024-2025 йилларда шаҳардагилар Ой интернетидан фойдаланишни бошлаши кутилмоқда.

Мавзуга оид