Жаҳон | 09:40 / 28.05.2022
20732
3 дақиқада ўқилади

Россияликлар интернет орқали буюмларни оммавий равишда сотишни бошлади – The Moscow Times

«Авито» хизмати 100 миллион эълон рекордини қайд этди. Россия аҳолиси нархларнинг кўтарилиши ва даромадларнинг пасайиши шароитида нарсаларни сотишга мажбур бўлмоқда, деб ёзади The Moscow Times.

Фото: Joe Giddens

20 йил давомида рекорд даражадаги инфляция ва реал даромаднинг пасайиши россияликларни эълон хизматларида буюмларни тобора кўпроқ сотишга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда 27 май, жума куни The Moscow Times газетаси Россиядаги энг йирик «Авито» интернет эълонлар хизмати маълумотларига таяниб хабар берди

Украинада уруш бошланганидан кейин «Авито» хусусий сотувчилар ва компаниялар томонидан жойлаштирилган эълонлар сони бўйича рекордни қайд этди - 100 миллиондан ортиқ. Унинг маълумотларига кўра, жорий йилнинг қарийб беш ойида янги рекламаларни жойлаштириш тезлиги 2021 ва 2020 йилларга нисбатан икки баравардан кўпроққа ошган. Шу билан бирга, 2022 йилнинг январь-май ойларида сайтнинг фаол фойдаланувчилари сони 20 фоиздан кўпроққа кўтарилди. Май ойи охирида кунига деярли 1 миллион янги эълон қайд этилди, бу мутлақ рекорддир. 

Шу билан бирга, россияликларнинг 2022 йилнинг биринчи чорагида реал даромади ўтган йилнинг шу чорагига нисбатан 1,2 фоизга камайди, бундан «Росстат» маълумотлари дарак бермоқда. Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг прогнозига кўра, Россия СССР парчаланганидан бери энг узоқ давом этадиган иқтисодий таназзулга юз тутмоқда. 2022 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,8 фоизга, келаси йилда эса яна 0,7 фоизга қисқариши кутилмоқда. Идора прогнозларига кўра, 20 йиллик давр учун инфляция даражаси 17 фоизлик рекордни ташкил этган шароитда, аҳолининг реал даромадлари 6,8 фоизга қисқаради, бу 1999 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. 

Россия «махсус ҳарбий операция» деб аташда давом этаётган Украинадаги уруш «катта молиявий ресурсларни» талаб қилади, деди Россия молия вазири Антон Силуанов 27 май куни Молия университетидаги маърузасида. У сарфланган ва керакли маблағлар миқдорини очиқламади. 

Силуановнинг сўзларига кўра, «бюджетни рағбатлантириш» – иқтисодиёт ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағларнинг умумий миқдори 8 триллион рублни ташкил қилиб бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид