16:19 / 19.10.2021
4880

Тошкентда тез ёрдам хизматига бир кунда болалар бўйича ўртача 1,5 мингга яқин чақириқ келиб тушмоқда

Октябрь ойининг 10 куни ичида Тошкент шаҳар тез ёрдам хизматига бемор болалар бўйича жами 13 820 та чақириқ келиб тушган. Бу ҳақда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоевга таяниб, ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Дониёр Бўрибоев одатда куз-қиш ойлари грипп ва ўткир респиратор инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай давр ҳисобланиши, айниқса, бу пайтда кичик ёшдаги болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан анча ортишини таъкидлаган.

«Қолаверса, жорий йил мамлакатда куз фаслининг илк ойи бироз салқин келиши бу ҳолатни янада тезлаштириб, болаларнинг грипп ва ўткир респиратор касалликлар (ЎРК) билан оғриши кўп кузатилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан 103 га бўлаётган чақириқлар сони ортишига ҳам сабаб бўлмоқда», дейди у.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 7–17 октябрь кунлари шаҳар тез ёрдам хизматига бемор болалар бўйича жами чақириқлар сони 13 820 тани ташкил этган. Шундан тана ҳарорати кўтарилган, ЎРВИ ва пневмония ҳолатлари кузатилган 10 474 нафар болага сифатли тиббий ёрдам кўрсатилиб, зотилжамга чалинган 41 нафар бола госпитализация қилинган.

«Айтиш лозимки, октябрь ойининг ўтган даври мобайнида бемор болалар бўйича шаҳар 103 хизмати Call-марказига бўлаётган кунлик мурожаатлар сони ўртача 1300–1500 тани ташкил қилаётган бўлса, энг кўп чақириқ 8 октябрь санасига тўғри келиб, шу куни 2025 та мурожаат қабул қилинди», дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори.

Top