Муаммо ҳал бўлиши президентнинг боришига боғлиқ бўлмаслиги керак — Шавкат Мирзиёев қонунлар ишлаши кераклиги ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда тегишли вазирликлар вакиллари, вилоятлар ҳокимлари иштирок этмоқда.
«Бугунги асосий вазифа – халқимизнинг тинчлиги, фаровонлигини таъминлаш, ислоҳотларнинг натижасини кўрсатиш. Одамлар президент ёки вилоят ҳокимлари келиб қўл қўйиши билан иш битирмасликлари керак, қонунларга асосланиб эмин-эркин ишлашлари зарур.
Бугунги йиғилишда, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимларини кўриб чиқамиз», деган давлат раҳбари.
Президент кластерлар масаласидаги режаларга тўхталган.
«Кластерлар масаласида жуда катта режалар тузяпмиз. Кластер тизимига ўтганимиз, қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар қилишга замин яратди.
Жумладан, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди, шунингдек, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот – 3 баробарга ортди, экспорт йил якунига қадар 3 миллиард долларга етади. «Пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача» бўлган занжирни яратиш бўйича 2 миллиард долларлик 125та янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда 150 мингта доимий иш ўринлари ташкил қилинди.
Шунингдек, кластерлар томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли техникалар олиб келинди, 126 минг гектар майдонда сув тежаш технологиялари жорий қилинди, 143 минг гектар майдон фойдаланишга киритилди. Бу йил сув бўйича ниҳоятда оғир бўлди. Лекин қўшниларимиз, Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам бирор кун сувни тўхтатмади. Энди тасаввур қилинг, нотўғри сиёсат юритилганида натижа қанақа бўларди?» дейди президент.
Йиғилишда фермерлар ўзлари истаган кластер билан шартнома тузиши мумкинлиги қайд этилган.
«Пахта ва ғаллачиликда ҳосилдорлик йилдан йилга ўсиб бормоқда. Кластерларнинг аксарияти жорий йилда пахтадан 35-40 центнергача ҳосил олди. Кластерларга шунча имконият яратиб беряпмиз, фермерлар ўзлари истаган кластер билан шартнома тузишлари мумкин бўлди.
Шу билан бир қаторда, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари каби, қишлоқ хўжалигида ҳам келгуси беш йил учун, олдимиздаги муҳим вазифа ва режаларни белгилаб олдик.
Аввало, ҳосилдорликни камида икки баробарга кўтариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, соҳа экспортини 7 миллиард долларга олиб чиқиш, қишлоқлардаги аҳоли бандлиги ва даромадларини янада оширишни режа қилганмиз.
Энг долзарб 30дан зиёд муаммо ва масалалар тизимлаштирилиб, уларнинг ечимлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Уларни ҳозир сизлар билан биргаликда муҳокама қилиб оламиз.
Энг асосий муаммо – амалдаги эскича молиялаштириш тартиби, айни пайтда кластер тизимини ривожлантириш бўйича қўйилган талабларга мутлақо жавоб бермаяпти.
Айниқса, пахта-тўқимачилик кластерлари, кредит муддатларини узайтириш ва миқдорини кўпайтиришни сўрамоқдалар.
Муаммо шундаки, ҳозирда кластерларга кредит 11 ой муддатга ажратилади. Пахта хомашёсини етиштириб, уни қайта ишлашга эса, камида 24 ой керак.
Ерни экишга тайёрлаш ишлари октябрда бошланса-да, кредит 3-4 ой кечиктирилиб, январь-февраль ойларидан ажратилади. Бу эскирган тизим, энди тўлиқ ўзгаради», – дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
14:59 / 23.11.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги таълими соҳасига Белгия тажрибаси жорий этилади
12:32 / 23.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024