Жамият | 15:05 / 27.10.2021
1680
1 дақиқада ўқилади

Сирдарёда коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари ОАВ учун ҳисобот берди

2021 йил 27 октябр куни Сирдарё вилояти ҳокимлигида коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари ОАВ олдида ҳисобот берди. Унда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида вилоятда аниқланган коррупция ҳолатлари ҳақида маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 9 ойида Сирдарё вилоятида 225 та турли тоифадаги мансабдор шахслар ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг 185 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 47 нафари фирибгарлик, 2 нафари нодавлат ташкилотида ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, 5 нафари мансабини суиистеъмол қилиш ва бошқалардан иборат.

Жиноят содир қилган давлат хизматчилари ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида Гулистон шаҳрида 80, Боёвут туманида 39, Янгиер шаҳрида 28, Сирдарё туманида 24, Мирзаобод туманида 23, Оқолтин ва Сайхунобод туманларида 21, Гулистон ва Сардоба туманларида 20, Ховос туманида 17 ва Ширин шаҳрида 6 нафарни ташкил қилади.

Булар айниқса қурилиш (76 нафар), халқ таълими (36), соғлиқни сақлаш (15), банк (13) ва мактабача таълим (9) соҳаларида кўпроқ учраган.

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 26,6 миллиард сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланган. Мазкур тоифадаги жиноят ишларининг тергови жараёнида 22,1 миллиард сўми ёки 83 фоизи ундирилиши таъминланган.

Мавзуга оид