Айни пайтда Демун қишлоғида 210 хонадонда 1200дан зиёд киши истиқомат қилади. Кўча, Қаллуқ каби қишлоқлар дохил ушбу ҳудудда жами уч мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилар экан. Ҳудудда 2та мактаб, 5та болалар боғчаси бор. Ғишт заводи хумдонларидан чиқаётган тутун уларнинг барчасига боради.

Ғишт заводи шундоққина туман маркази биқинида жойлашган. Аммо иссиқ фаслларда шамол тутунни кўпроқ жанубга, демунликлар устига олиб боради. Қишда эса завод фаолият кўрсатмайди.

Аҳоли вакилларининг фикрича, апрель ойидан бошлаб октябрь охирларигача фаолият кўрсатадиган ушбу завод тутуни айниқса сурункали касалликлари бор қариялар ҳамда ёш болалар нафас олишда қийинчилик туғдиради.

«Ёзда ҳовлида ўтира олмаймиз. Бўғадиган ҳаво ва қўланса ҳид келади. Беш йилдирки, бу тутундан бизни ҳеч нарса қутқара олмаяпти», — дейди онахонлардан бири.

«Маҳаллада қон босими, дамқисма касали қийнайдиган қариялар бор. Тутундан айниқса ёш болалар ва турли дардларга чалинган кексалар азият чекишмоқда», — дейди демунлик отахонлардан бири.

«Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Вилоят ҳокими ва туман ҳокими ҳузурига ҳам бордик. Туман ҳокими ғишт заводи бошқа ишламаслигига ваъда берди. Лекин завод ишлашда давом этмоқда. Ҳозир ҳам сиз келишингизни кимдир заводга етказибди. Тутун тўсатдан камайиб қолди. Эрталаб қоп-қора тутун бурқсиб чиқаётганди», — дейди яна бир отахон.
Биз тутун қишлоқ узра ёпирилишини кўп кутмадик. Нонвойхонадаги кўмир ҳидини эслатиб юборувчи ачимсиқ тутунни шамол олиб келиб қолди. Очиғини айтиш керак, кўмир ҳиди чиндан ҳам димоғни ачитадиган даражада ёқимсиз эди.


































