Жаҳон | 22:07 / 30.10.2021
5561
4 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида «Яшил Яқин Шарқ» ташаббуси саммити бўлиб ўтди

Фото: FAYEZ NURELDINE - AFP

Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари ва мудофаа вазири шаҳода Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан Ар-Риёз шаҳрида «Яшил Яқин Шарқ» ташаббусининг биринчи саммити ўтказилди. Унда Яқин Шарқ ва Африкадаги бир қатор мамлакатлар раҳбарлари, экология ва иқлим ўзгариши соҳасига масъул халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Саммит давомида иштирокчилар томонидан Саудия Арабистони подшоҳлиги эълон қилган дастурлар ва лойиҳаларнинг биринчи пакети кўриб чиқилди. Мазкур пакет «Яшил Яқин Шарқ» ташаббуси мақсадларини амалга оширишга кўмаклашиш, минтақада углерод чиқиндилари миқдорини табиий воситалар билан камайтириш ҳамда шу тариқа дунё миқёсидаги ишларга 10 фоиз ҳажмида ҳисса қўшиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб–қувватлаш ва ҳамкорлик қилишга қаратилган. Шу доирада минтақада 50 млрд туп дарахт ўтказиш орқали дунё миқёсидаги кўкаламзорлаштиришнинг 5 фоизи қамраб олиниши режа қилинган. Натижада мазкур ишлар дунё бўйича дарахт ўтказишнинг энг катта дастури бўлиб қолади.

«Яшил Яқин Шарқ» ташаббусини амалга ошириш йўлида подшоҳлик саммит давомида углеродлар бўйича айланма иқтисод тушунчасини татбиқ этишда Халқаро ҳамкорлик платформаси, Иқлим ўзгариши бўйича минтақавий марказ,  Углерод чиқиндиларидан фойдаланиш ва йиғиш бўйича минтақавий комплекс, чанг-тўзонларнинг саломатликка таъсир қилиш хавф-хатарини камайтиришга ҳисса қўшадиган Бўронлардан олдиндан огоҳлантириш  минтақавий маркази, денгизнинг биологик хилма-хиллигини кўтариш ва балиқчилик соҳасидаги чиқиндилар нисбатини тахминан 15 фоизга камайтиришга ҳисса қўшадиган Балиқчиликни ривожлантириш минтақавий маркази ва ёмғир ёғиши нисбатини тахминан 20 фоизга кўтаришга ҳисса қўшадиган Ёмғирли булутлар минтақавий марказини барпо этиш борасида иш олиб боришини эълон қилди. Мазкур марказлар ва дастурлар экологияни ҳимоя қилиш, чиқиндилар нисбатини камайтириш ва минтақавий мувофиқлаштириш даражасини ошириш учун зарур инфраструктурани тайёрлашда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, подшоҳлик дунёда 750 млн. кишини озиқ-овқат билан таъминлаш учун тоза энергия ечимларини тақдим этишга ҳисса қўшадиган халқаро ташаббусни илгари суриш ва минтақада углеродлар бўйича айланма иқтисод технологиялари ечимлари борасида Инвестиция жамғармаси барпо этиш устида ишлайди. Мазкур икки ташаббусга тахминан 29 млрд. саудия риёли (тахминан 7,7 млрд. АҚШ доллари) инвестиция қилинади, унинг тахминан 15 фоизини подшоҳлик молиялаштиради. Африкада экология ва ўсимлик дунёсининг аҳамиятидан келиб чиқиб, саммит уни асраш ва ривожлантириш йўлида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликдаги ишларни фаоллаштиришга даъват этди. Бундан ташқари, саммитни қўллаб-қувватлайдиган ва мувофиқлаштириш даражасини оширадиган мустақил нотижорий ташкилот сифатида «Яшил ташаббус» ташкилотини тузишга чақирди.  

Экоголияга қарши таҳдидларга биргаликда қарши туришда умумий масъулиятдан келиб чиқиб, саммитда давлат раҳбарлари минтақавий «Йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш, «Яшил Яқин Шарқ» ташаббуси мақсадларини амалга ошириш йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтиш учун иш дастури тайёрлаш муҳимлигини таъкидлашди. Бунда минтақанинг барқарор ривожланиши ва ундаги жонли табиат хилма-хиллигини асраш, унинг қайта тикланишидан дунёдаги барча давлатлар манфаатдор бўлишининг аҳамияти инобатга олинди.

Саммитда давлат раҳбарлари подшоҳлик ташаббуслари, экология ва иқлим ўзгаришлари соҳасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга мазкур саъй-ҳаракатларга жонбозлик қилаётгани, саммитда иштирок этишга давлат раҳбарлари ва расмийларни таклиф қилгани учун миннатдорчилик изҳор этишди. Шуниндек, умумий иш гуруҳларини ташкил этиш ва ташаббус мақсадларини амалга ошириш йўлида ижроий режалар ишлаб чиқиш учун мазкур саммитни даврий асосда ўтказиб туришга келишиб олинди.

Мавзуга оид