Ойгул Абдусалом Саудия Арабистони Қироллик шифохонасида ишлайди. Соғлом аёл ёки чақалоқларнинг ўлимига кўпинча қабулхонадаги камчиликлар, транспортировканинг тўғри ташкил қилинмагани ва қон етишмаслиги сабаб бўлади, дейди шифокор Kun.uz билан суҳбатда.

Ўзбекистонда минглаб ишига уста, қўли енгил шифокор, ҳамширалар бор. Уларнинг ёрдами билан кунига минглаб аёллар чақалоғини соғлом ҳолда қўлига олади. Бироқ 2024 йилда ҳам бир неча бор туғуруқхоналарда ўлим ҳолатлари кузатилди. Ўлимлар сабаби нимада, уларни қандай тўхтатиш мумкин? Kun.uz мухбири шу ва бошқа мавзуларда Саудия Арабистони Қироллик шифохонасида ишлаётган Ойдин Абдусаломова билан суҳбатлашди.

Саудия Арабистонида ҳам олдин аёллар ўлими кўп бўлгани айтилади. Улар вазиятни қандай изига солган, туғуруқхоналарда қандай тизим ишлайди?

– Бу ерда иш Европа ва Америка йўриқномалари асосида ташкил этилган. Нафақат иш, балки ташкилий масалалар ҳам тизимли йўлга қўйилган. Ишнинг сифати ҳам ташкиллаштиришга боғлиқ. Ҳомиладор аёл шифохонага келиши билан унинг маълумотлари компютерга киритилади, қоғозда қолиб кетмайди. Иш қабулхонадан бошлаб яхши ташкиллаштирилади. Шунингдек, қон таҳлили, рентген, УЗИ сингари текширувларнинг натижаларини топиш осон. Агар беморнинг натижалари ёмон чиқса, у билан тезда алоқага чиқилади. Бунинг учун беморнинг ўзгармаган телефон рақами олинади ва бошқа давлатга кетиб қолса ҳам маълумотлар зудлик билан етказилади. Барча туғуруқхоналарда исталган пайт жарроҳ ва бошқа мутахассислар топилади.

Яна бир томони: дори воситаларига аллергияси бўлса, беморнинг билагига қизил боғич, яна бошқа касали бўлса, бошқа рангдаги боғичлар боғланади ва бу орқали ҳамшира, врачлар унинг қандай ҳолатда эканини билади. Ҳушини йўқотган бўлса, гапиролмаса, боғичларга қараб муолажа қилинади.

Андижонда ишлаган пайтингизда вазият қандай эди? Буни алоҳида сўраётганимнинг сабаби таҳририятга айнан Андижонда аёллар ўлими билан боғлиқ мурожаатлар нисбатан кўп келади?

– Ҳа, мен яқинда Андижонда туғуруқхонада аёл ўлганини ўқидим. Унда шифокорни айблаш қийин, ишда камчилик бўлган. Охир-оқибат бу камчиликлардан бемор азият чеккан. Туғуруқхонада этарли мутахассислар бўлмаган. Жарроҳ кўричакни текшириб берганда эди, бу каби ҳолат рўй бермасди, менимча. Билишимча, у ерда транспортировка ҳам хато бўлган. Ҳеч бир шифохона беморни қабул қилмаган. Саудияда бундай эмас, бир шифохонадан бошқа шифохонага бемор юборилса, унинг касаллик тарихи ва бошқа маълумотлари ҳам бирга юборилади ва нариги шифохонадаги навбатчида шифокорлар рўйхати бўлади. Беморнинг касаллигига қараб тегишли врачнинг телефон рақами олдиндан беморга юборилади. Шунингдек, бўш жойлар сони ҳам аниқлаштирилиб, бемор ўша шифохонага юборилади. Агар иш тўғри ташкиллаштирилса, касал сарсон бўлмайди. Врачлар ҳам беморларни осон қабул қилади.