Жаҳон | 23:47 / 04.11.2021
18360
8 дақиқада ўқилади

Эрондаги талабалар намойиши – АҚШ дипломатлари нега 444 кун гаровда сақланганди?

Бундан 42 йил олдин 4 ноябр куни 70 нафарга яқин америкаликлар - дипломатлар, элчихона ходимлари ва ҳарбий хизматчилар АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасида гаровга олинади. Асирларга 444 кун давомида гапириш ва ўқиш тақиқланган. Уларга камдан кам ҳолларда уст-бошини алмаштиришга рухсат берилган.

Majid Asgaripour / WANA / Reuters / Scanpix / LETA

Ғарбнинг Эрон ишларига аралашуви ўтган асрнинг 50-йилларида бошланганди. 1951 йилда Эронда ҳукумат алмашади, бош вазир лавозимига Европа таълимини кўрган, Эрон манфаатларини кўзловчи Муҳаммад Мусаддиқ сайланади. У Эроннинг нефть захираларини миллийлаштириш сиёсатини бошлайди. Бунгача мамлакатдан топилган нефть захиралари АҚШ ва Буюк Британия корпорациялари назорати остида эди.

Муҳаммад Мусаддиқ / Getty images

10 миллион доллар эвазига Эрон нефть захирасининг 80 фоизи

Муҳаммад Мусаддиқ сиёсати АҚШ ва Британиянинг Эрондаги аралашувини чеклашга қаратилди. Бунга жавобан АҚШ Стратегик хизматлар бошқармаси ва Британия Разведка хизмати бош вазирни ҳокимиятдан ағдариш ва унинг ўрнига Ғарб манфаатларига тўғри келадиган одамни қўйиш режасини тузишга киришди. Натижада 1953 йилда Муҳаммад Мусаддиқ ҳукуматдан кетиб, янги ҳукумат тузилади.

Эроннинг янги раҳбари қирол оиласи вакили Муҳаммад Ризо Шоҳ Паҳлавий бўлди. Шоҳ Паҳлавий консерватор бўлиб, мамлакатда коммунизм ёйилишига қарши ғарбпараст ҳукмдор эди. У 10 миллион долларга Эрон захирасидаги 80 фоиз нефтни АҚШ ва Британияга пуллайди. Бу эса аҳолининг жуда қаттиқ норозилигига сабаб бўлади. Муҳаммад Ризо ҳокимиятга келиши ортидан АҚШнинг Эрон ишларига аралашуви кучайди, мамлакатда оддий аҳолига жабр-зулм қилиш кўпайди, махфий полиция вакиллари минглаб одамларни қатл қилишга киришиб кетди.

Getty images

Талабалар ғазабига сабаб бўлган воқеа

Ўша пайтда иқтисодий жиҳатдан қийналаётган Эроннинг Америкада ишлаб чиқарилган қуролларга миллиардлаб доллар сарфлаши мамлакатга оғирлик қилди. Муҳаммад Ризо сиёсатидан тўйиб кетган эронликлар янги раҳнамога эргашишга қарор қилади. Бу пайтда майдонга оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний кириб келди. У Эронни АҚШ таъсиридан олиб чиқишни мақсад қилганди.

1979 йилнинг июлида инқилобчилар Муҳаммад Ризони ҳукуматдан ағдарди, шоҳ Мисрга қочиб кетади. Оятуллоҳ эса Эронда ҳарбий ислом ҳукуматини ўрнатишга эришади.

CNN

Бу пайтда АҚШда Жимми Картер президент эди. Муҳаммад Ризонинг Эрондаги зулмидан хабардор бўлган Қўшма Штатлар президенти уни АҚШга киритишни хушламади. Картер бу АҚШ ва Эрон муносабатларига таъсир қилишидан хавотирда эди. Саратонга чалинган Муҳаммад Ризога даволаниш учунгина Америкага киришга рухсат берилди. Лекин шу ҳам оятуллоҳ тарафдорларининг АҚШ элчихонасига ҳужуми учун туртки бўлди.

Оятуллоҳнинг ҳокимиятга келиши

Муҳаммад Ризо АҚШга киритилган кун, 4 ноябрда оятуллоҳнинг талабалардан иборат тарафдорлари АҚШнинг Эрондаги элчихонасига бостириб кириб, 66 кишини гаровга олишди. Уларнинг кўпи АҚШ дипломатлари эди. Бироз вақтдан кейин 13 аёл ва бир бемор гаровдан озод қилинди. Қолган 52 киши 1981 йилгача гаровда тутиб турилади.

Талабалар намойиши Муҳаммад Ризонинг АҚШга киритилгани фонида юз берган бўлса-да, бундан мақсад – мамлакат ташқи ишларига Америка аралашувини тўхтатиш эди. Шу билан бирга, инқилоб етакчиси, анти-америкачи оятуллоҳ Ҳумайнийнинг Эрон ички ва ташқи сиёсатида мавқейини кўтариш ҳам керак эди.

AP

Гаровга олинганларга жиддий жароҳат етмаган, аммо улар яхшигина таҳқирланган. Дипломатлар кўзлари боғланган ҳолда телекамера ва оломон олдига олиб чиқилган. Уларга гапириш ва ўқиш тақиқланган, кийимларини алмаштиришга ҳам камдан кам ҳолларда рухсат берилган.

“Канадача суриш”

Теҳрондаги АҚШ элчихонасига ҳужум пайтида 6 нафар америкалик дипломат канадалик ҳамкасби Жон Ширдауннинг уйида яширинишган. Ва унинг ёрдами билан Канада паспортини олиб, чиқиб кетишган. Бу воқеа тарихда “канадача суриш” номи билан қолди. 1981 йилда суратга олинган “Эрондан қочиш: Канадача суриш” фильмида уларнинг жасорати ҳақида ҳикоя қилинади.

Муваффақиятсиз “Бургут панжаси”

U.S. Army airborne and special operations museum

Президент Картер гаровда қолган америкаликларни қутқаришга киришади. 1980 йил апрел ойида "Бургут панжаси" деб номланувчи хавфли ҳарбий қутқарув миссиясини бошлашга буйруқ берилади. Бунда Теҳрондаги АҚШ элчихонаси биносига пухта тайёрланган қутқарув гуруҳи бориши керак эди.

Амалиёт режасига кўра, «Дельта» спецнази гуруҳи зарбдор самолётлар ва ёнилғи қуювчи самолётлар ҳамроҳлигидаги вертолётларда Эрон марказидаги саҳрога етиб бориши керак эди. Бу вақтда бошқа гуруҳ Теҳрондан узоқ бўлмаган масофада қаровсиз қолдирилган аэродромни эгаллаб, уни ушлаб туриши кўзда тутилганди. Кейинги куни махсус топшириқли кучлар саҳродан автомобилларда Теҳрондаги элчихонага етиб бориши, қўриқчиларни йўқ қилиши ва у ердаги америкаликлар билан бирга шу вақтда ёрдамга келиши керак бўлган вертолётларга чиқиб, эгаллаб олинган аэродромга етиб олиши, у ердан операциянинг барча иштирокчилари АҚШнинг дўсти бўлган Мисрда жойлашган махфий базага эвакуация қилиниши режалаштирилганди.

АҚШнинг ўша вақтдаги давлат котиби Вэнс бу операция ўтказилишига қарши чиқади, аммо унинг позицияси президент томонидан маъқулланмайди ва Вэнс ўз ихтиёрига кўра истеъфога чиқади.

Операция аввалбошдан муваффақиятсизликка учрайди, бунга асосан ҳарбийлар ва махсус топшириқли гуруҳнинг нопрофессионаллиги, саҳродаги бўрон ва техникалардаги носозликлар сабаб бўлади. Амалиёт муваффақиятли ўтказилиши учун камида тўртта транспорт самолёти зарур эди.

Топшириқ учун йўл олган саккиз вертолётдан бири авиаташувчидан кўтарилиши биланоқ техник носозлик туфайли сувга қулаб тушади, яна бири бўронга учраб, ортга қайтади. Фақат олти вертолёт саҳродаги биринчи вақтинча базага етиб боради (британияликларнинг ташлаб кетилган аэродроми). Қўниш учун танланган жой, разведка маълумотларига терс ўлароқ, серқатнов шоссе бўйи бўлиб чиқади, натижада, операцияни дарҳол пайқаб қолишади. Махсус топшириқли гуруҳ жангчилари шаҳарлараро қатновчи автобуснинг йўлини тўсишади, йўлдан ўтаётган бензовозни портлатишади, унинг йўловчиси ҳалок бўлади, ҳайдовчиси ўткинчи машинага чиқиб қочиб кетади.

Базага етиб борган вертолётлардан бирида гидравлика билан муаммо чиқади. Вертолётлардан бири ёнилғи қуйиш чоғида ёнилғи ташувчи самолёт билан тўқнашиб кетади, ёнғин юзага келиб, икки техника экипажи - саккиз киши ҳалок бўлади, шундан сўнг амалиёт тўхтатилади ва гуруҳларга Эронни тарк этиш буюрилади. Натижада барча вертолётлар (кейинроқ уларга Эрон армияси эга чиқади), ҳалок бўлган учувчилар ва экипажнинг бошқа аъзоларининг жасадлари, амалиётни ўтказиш бўйича ҳужжатлар ҳамда радиокодлар китоблари саҳрода қолдирилади. Омон қолганлар самолётлар орқали эвакуация қилинади, операция бутунлай барбод бўлади.

Бахтли тасодиф: Рейган инаугурациясидан бир неча соат ўтиб гаровдагилар озод қилинди

1980 йил АҚШда президентлик сайловлари бошланиш арафасида эди. Жимми Картернинг Эрон борасидаги муваффақиятсиз сиёсати сайлов натижаларига салбий таъсир қилмай қолмади. Эрон муаммосининг ҳал бўлмагани Картерга заиф ва самарасиз раҳбар тамғасини босди. Сайловларда республикачи номзод, Калифорниянинг собиқ губернатори Роналд Рейган ғалаба қилди.

Фото: U. S. Air Force

1981 йил 21 январда, Роналд Рейган инаугурациясидан бир неча соат ўтгач, Теҳрондаги гаровга олинганлар озод қилинади. Рейганнинг сайловолди штаби гаровга олинганлар сайловдан олдин озод қилинмаслиги бўйича Эрон билан битим тузгани ҳақида миш-мишлар бор. Бироқ Рейган бу даъволарни доимо рад этиб келган.

Мавзуга оид