15:34 / 06.11.2021
6481

Грузия хавфсизлик хизмати Саакашвили давлат тўнтаришини амалга оширишни режалаштиряпти деб ҳисобламоқда

Мгеладзенинг сўзларига кўра, намойишчилар парламент, ҳукумат маъмурияти, президент маъмурияти, адлия ва ички ишлар вазирликлари биносини эгаллашни ҳамда Саакашвили жазо ўтаётган Рустави қамоқхонасига олиб борадиган йўлларни тўсишни режалаштирган.

Фото: EPA-EFE/Remko de Waal

Собиқ президент Михаил Саакашвилини қўллаб-қувватлаш учун норозилик намойиши ўтказмоқчи бўлганлар давлат муассасалари биноларини эгаллашни режалаштирмоқда. Саакашвили қамоқхонадан туриб давлат тўнтаришига бошчилик қилмоқда, деди Грузия давлат хавфсизлик хизмати вакили Бача Мгеладзе.

“6 ноябрдан буён айрим сиёсий гуруҳлар Рустави қамоқхонаси ёнида акциялар ўтказишни ўйламоқда, уларга партиянинг регионлардаги тарафдорлари ҳам келиб қўшилади. Бундан ташқари, Тбилиси шаҳрида ҳам норозилик акцияси ўтказилиши режалаштирилган. Оператив маълумотга кўра, акция ташкилотчилари давлат муассасаларини эгаллашни режалаштирмоқда. Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга қаратилган бу ҳаракатлар маҳкум Михаил Саакашвили томонидан қамоқхонада туриб режалаштирилмоқда”, - деди Мгеладзе.

Мгеладзенинг сўзларига кўра, намойишчилар парламент, ҳукумат маъмурияти, президент маъмурияти, адлия ва ички ишлар вазирликлари биносини эгаллашни ҳамда Саакашвили жазо ўтаётган Рустави қамоқхонасига олиб борадиган йўлларни тўсишни режалаштирган. Унинг маълумот беришича, намойишчиларга куч ишлатиш тузилмаларининг собиқ ходимлари ҳам қўшилиши, ташкилотчилар амалдаги ходимларни ҳам ўз томонларига оғдириши кўзда тутилган.

Саакашвили 29 сентябрда Украинадан Грузияга яширинча келган. У 1 октябрда Тбилисида қўлга олинган. Унга ватанида бир нечта жиноий иш очилган. Уларнинг иккитаси бўйича собиқ президентга 3 йиллик ва 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Top