Иқтисодиёт | 20:26 / 07.11.2021
21213
6 дақиқада ўқилади

Тўлиб-тошган омбор ва таназзулга учраган бизнес: хаёлингизга ҳам келмаган бир ҳақиқат

Сўнгги 2-3 йил ичида кийим-кечак, косметика, маиший техника ва бошқа товарлар сотилувчи дўконлар сони ҳаддан зиёд ортгани ҳеч кимга сир бўлмаса керак. Уларни деярли ҳар бир бино, ҳар бир кўчада учратиш мумкин. Биз глобал истеъмолчилик (чегара билмас харидлар) борасидаги мусобақага қадам босдик ва бу эса ўз навбатида одамларда маблағлар ва ёки қарздорлик ортиб бораётганидан дарак беради, бу ташвишланишга арзигулик ҳолатдир. Бироқ, бугунги мавзу бу ҳақда эмас.

Мен сизга бир дўстимнинг кийим-кечаклар дўкони билан боғлиқ ҳикояни айтиб бермоқчиман. Дўстимни доимо кийим-кечакларнинг янги тўпламини харид қилиш олдидан пул танқислиги муаммоси қийнаб келарди, энг ёмони эса у бунинг асл сабабини тушуна олмасди. Мен эса сизга ҳозир ушбу ташвишли ҳолатларнинг асл сабаби ва уларнинг ечими борасида шу йили ёз фаслида унга қандай ёрдам берганим ҳақида батафсил айтиб бераман.

Эркаклар кийим-кечак дўкони 4 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият кўрсатиб келмоқда. Дўкон эгаси тўпламларни (премиум классдаги турк брендлари) танлашда ўта жиддий ёндашади. Аммо бизнеснинг ўзига хос хусусиятлари шундан иборатки, бутун тўпламни тўлақонли равишда сотиш деярли имконсиз. Шу сабабли омборда товарлар мунтазам равишда ортиб боради.

Бу муаммо замонавий тилда “затоваривание” (“тўлиб-тошган омбор”) дейилади. Чунки ушбу ҳолатда омбордаги кийим-кечаклар, шунчаки товар моддий захиралари қолдиғини эмас, балки, энг аввало, уларни харид қилиш сабабли музлатилган пул маблағларини ўзида акс эттиради. Бундан ташқари, аввалги тўпламлар тез орада урфдан қолиб, аҳамиятсиз бўлиб қолади, яъни эндиликда уларни сотиш яна ҳам қийин бир масалага айланади. Ҳаттоки, пулнинг ўзи ҳам қадрсизланиши, айниқса, бизнинг ҳолатимизда ҳеч ким учун сир эмас.

Агар ушбу товарларни имкон борича тез фурсатда сотмасангиз, кейин уларни анча арзон нархда сотишингизга тўғри келиши мумкин. Бундан ташқари, катта миқдордаги омбор захиралари ўғриликни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас! Ва албатта, омбордаги ҳаддан зиёд захиралар бизнес айланмасини кескин камайтиради. Сотилмаган товарларда музлатилган пул маблағларини (баъзан йиллар давомида сақланади) бу вақт оралиғида бир неча марта айлантириш ва шу орқали кўп фойда орттириш мумкин эди.

Муаммолар аниқ экан, уларга ечим топиш керак. Марҳамат!

1. Биз омборни тўлиқ инвентаризация қилдик (аслида ушбу жараён мунтазам равишда амалга оширилиши керак: тўлиқ ва қисман - тўсатдан). Инвентаризация натижалари асосида товар қолдиқлари тўғрисидаги маълумотлар реестри шакллантирилди ва уни ҳақиқий мавжуд қолдиқ билан таққосладик. Табиийки, тафовутлар бор эди ва биз уларни зарар сифатида қайд этдик (албатта, мунтазам ва тўлиқ инвентаризация қилинмаган дўконда тафовутлар бўлмай иложи йўқ). Лекин эндиликда қайси товар қанча миқдорда борлиги ҳақида аниқ маълумотлар шаклланган эди, уларни таҳлил қилиш орқали эса тегишли қарорларни қабул қилиш имконига эга бўлгандик.

2. ABC тизими - ассортимент таҳлили усули ёрдамида савдони таҳлил қилиб чиқдик. Бу бизга қайси маҳсулот яхши, қайси бири ёмон сотилиши ёки буткул сотилмаслигини тушуниш имконини берди. Биз ҳар бир маҳсулотнинг тушумдаги улушини аниқ ҳисоблаб чиқдик ва улардан кўпроқ тушум ва/ёки фойда маржасига эга бўлганларини алоҳида қайд этиб олдик. Ўз навбатида, юқори тадбирлар бизга қайси маҳсулот турларини кўпроқ харид қилиш, қайсиларидан воз кечиш, қайси турларга чегирма тақдим этиш ва қандай маҳсулотларни арзонроқ нархда бўлса ҳам сотиб юбориш ва ҳоказоларни англаб олишга имкон яратди.

Асосий мақсад-омборни бўшатиш ва бизнесга зарар етказмаган ҳолда пул маблағларини чиқариб олиш эди.

3. Содиқ мижозлар тизими янада такомиллаштирилди. Биз ABC-таҳлилни нафақат маҳсулот ассортименти учун, балки мижозлар таҳлили учун ҳам қўлладик: биз энг кўп даромад келтирадиган харидорлар гуруҳини аниқладик. Улар учун ўзига хос бонус тизими ишлаб чиқилди: унда чегирмалар харидлар миқдорига асосланган эди. Инсонларга доимо бонуслар хуш келади, биз эса мунтазам мижозларимиз борлигидан мамнун бўламиз.

4. Дўкон эгаси учун бир қанча муҳим мунтазам ҳисоботларни ишлаб чиқдик. Мисол учун, ҳар ойда у савдо ҳақида батафсил ҳисобот олади (маҳсулот туркуми, чегирмалар, қолдиқлар ва бошқалар тўғрисида). Бу унга тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради.

Бу чора-тадбирларнинг омбордаги маҳсулот захиралари кескин камайишига, айланма ҳаракат даври қисқаришига, даромад ва фойда ўсишига ижобий таъсир кўрсатди.

Бизнесни шунчаки кўпчиликка ўхшаб бетартиб бошқариш ҳам, ҳақиқий ишбилармонларга хос тарзда савод билан бошқариш ҳам мумкин. Кейингилар доимо ўсиб, кенгайиб ва ўз мавқеларини мустаҳкамлаб борадилар. Агарда сиз ҳам бизнесингизни савод билан бошқариш, бизнес молиясини теран англаш, мунтазам равишда ва бепул маслаҳатларни олишни истасангиз, MM "MUFEED MOLIYA" каналига уланиб олинг.

Мавзуга оид