ССВ: «Тез ёрдам»га бронхиал астма ва аллергик реакциялар билан боғлиқ чақириқлар сони камайди
4-5 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида, хусусан, Тошкент шаҳрида мавсумга хос бўлмаган чанг-қумли бўрон ҳодисаси кузатилиб, бунинг оқибатида атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 5 баробар, куннинг айрим вақтларида эса 30 баробарга ошгани кузатилган эди.
Бунинг натижасида «Тез ёрдам» хизматига нафас етишмовчилиги, бронхиал астма хуружи ва турли аллергик реакциялар билан боғлиқ мурожаатлар сони сезиларли даражада ортганди.
«Ўзгидромет»нинг хабар беришича, 7 ноябрь куни соат 11:00да ўтказилган мониторинг натижалари пойтахтда чанг билан ифлосланганлик даражаси пасайиб, рухсат этилган максимал концентрациядан 3,3 баравар ортиқлигини кўрсатган.
ССВ матбуот хизматининг қайд этишича, Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси ижобий томонга ўзгаргани «Тез ёрдам» хизматига юқоридаги белгилар билан мурожаат қилувчилар сони бирмунча камайишига ҳам олиб келган.
«5 ноябрдан 6 ноябрь соат 06:00га қадар «103» хизматига умумий чақириқлар сони 4110та бўлган бўлса, кеча бу борадаги кўрсаткич қарийб 345тага камайиб, 3768тани ташкил қилди. Шундан нафас етишмовчилиги билан боғлиқ 349та, аллергик реакциялар билан 25та, бронхиал астма хуружи билан 48та мурожаат бўлиб, беморларнинг 8таси госпитализация қилинди», — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоев.
Чанг-қумли бўрон ҳодисаси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилиб, «Тез ёрдам» хизмати томонидан аҳолига зарур тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
«Юртимиз аҳолиси бундай об-ҳаво шароитида зарурат туғилганда, ўз ҳудудидаги оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларга мурожаат қилиб, туну кун сифатли тиббий хизматдан фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган.
Бундан ташқари, аҳоли Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 қисқа рақамли Саll-марказининг малакали мутахассисларидан чангли ҳаводан қандай ҳимояланиш бўйича тун-у кун керакли маслаҳат ва тавсиялар олишлари мумкин», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024