09:00 / 12.11.2021
16566

Гўшт нархининг пасайиши нималарга боғлиқ? Мутахассислар билан суҳбат

Ўзбекистонда қанча қорамол мавжудлигидан хабарингиз борми? Гўшт нархи арзонлашиши учун нималар қилиш лозим?

Kun.uz мухбири Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассисларидан соҳага оид қатор саволларга жавоб олди.

 - Таҳлилларга кўра, бугунги кунда республикадаги жами қорамолларнинг 92 фоизи аҳоли хонадонларида, қолгани эса қорамол етиштиришга ихтисослашган тадбиркорлар томонидан боқилаётган экан. Ихтисослашган фермаларда гўшт етиштиришни кўпайтириш борасида қандай ишлар қилиняпти?

- Матёқуб Матёқубов, Чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи:

Кейинги тўрт йилликда чорвачиликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан президентнинг 5та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 7та қарори қабул қилинди. Буларнинг барчаси чорвачилик фермер хўжаликларини ривожлантириш, уларда маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш чораларини қамраб олган.

Матёқуб МатёқубовФото: Kun.uz

Натижада жорий йилнинг ўзида аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 7 трлн 200 млрд сўмлик 1828та лойиҳа режалаштирилди. Бугунга келиб, лойиҳаларнинг деярли 88 фоизи, яъни 5,5 трлн сўмлик лойиҳаларимиз амалга ошириб бўлинди. Ҳозирги кунда қорамоллари сони 300 бошдан 500 бошгача бўлган фермер хўжаликлари сони 460тадан ошди. 2019 йилда бу рақам 140тани ташкил этган. 500 бошдан 1000 бошгача бўлган чорвачилик комплексларимиз сони 2019 йилдаги 50тадан бу йил 300тага яқинлашиб қолди. 1000 бошдан 5000 бошгача бўлган комплексларимиз сони ҳозирда 136тани ташкил қилади. 2019 йилда эса бундай комплекслар умуман бўлмаган.

Булардан самарали фойдаланиш мақсадида “Ўзбекчорванасл” агентлиги мутахассислари томонидан қорамоллар доимий назоратга олиниб, уларни рацион асосида озиқлантириш, витаминлар етказиб бериш тизими ҳам йўлга қўйилган.

Ҳозирда республикамизда жами 13 млн 700 минг бош қорамол бор бўлса, уларнинг деярли 92 фоизи аҳолига, 8 фоизи чорвачилик фермер хўжаликлари ва бошқа чорвачилик субъектлари ҳисобига тўғри келади. Бундан 3 йил олдин чорвачилик субъектларининг улуши 5 фоизни ташкил этган.

Яқинда қўмитамиз томонидан белгиланган 5 йиллик дастур асосидаги режаларимизга кўра, 2025 йилга бориб жами қорамолларнинг 80 фоизи аҳоли хонадонида, 20 фоизи фермер хўжаликларида етиштирилишига эришиш назарда тутилган. Бу билан биз гўшт нархини барқарор сақлаш, халқимизни гўшт ва сут билан узлуксиз таъминлаш, экспорт қилиш режаларини ҳам белгилаб олганмиз.

- Фермер хўжаликлари етиштираётган қорамоллар улушининг ошиши гўшт нархига қандай таъсир ўтказади?

Матёқуб Матёқубов: Фермерларимиз етиштирадиган маҳсулотлар таннархи аҳоли томонидан етиштириладиган маҳсулот таннархига нисбатан арзон тушади. Чунки фермерларимизда ҳақиқий мутахассислар иш олиб бориши билан бирга у ердаги қорамолларнинг насли ҳам яхши бўлиб, наслли қорамоллардан маҳсулот олиш юқори бўлади. Қорамолларни рацион асосида озиқлантириб, зоотехника-гигиена талабларига жавоб берадиган қилиб етиштирсак, улардаги маҳсулдорлик ошиб, маҳсулот таннархи пасайишига олиб келади.

Аҳолида эса ҳар доим ҳам мутахассис бўлмаслиги ёки етарли имконият яратилмаслиги мумкин. Шунингдек, хонадонда маҳсулот кам етиштирилиши унинг таннархини кўтариб юборади.

Шу сабабли фермерлардаги қорамоллар улушининг ошиши нархларга ижобий таъсир кўрсатади.

Баҳриддин Раҳмонов, Балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик бўлими бошлиғи:

Қўшимча қиладиган бўлсам, мақсад аҳолидаги қорамолни камайтириш эмас, балки фермер хўжаликларидаги чорвани кўпайтириш ҳисобига бозорда чорвачилик маҳсулотлари нархини барқарорлаштириш, узлуксиз таъминотини йўлга қўйиш ҳисобланади.

Баҳриддин РаҳмоновФото: Kun.uz

Нарх-навони барқарорлаштиришда юридик шахслар билан ишлаш осонроқ бўлади. Чунки уларда чорва ҳайвонларини парваришлашнинг рационал усуллари, яъни вақтида озиқлантириш, вақтида даволаш, вақтида наслчилик ишларини давом эттириш имкони мавжуд.

Чорвачиликда энг муҳим жиҳатлардан бири – бу наслчилик ҳисобланади. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси таркибида “Ўзбекчорванасл” агентлиги фаолият юритади. Жойларда наслчилик ишларини самарали ташкил этиш, қорамолларни сунъий уруғлантириш орқали наслни яхшилаш ишлари билан 1,5 минг нафарга яқин аҳоли банд қилинган. Шу билан биргаликда сунъий уруғлантириш ишларига ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ветеринария участкаларидаги ходимлар ҳам жалб этилгани учун ойлик маошларига қўшимча устамалар қўшилган. Шунинг ҳисобига, биргина ўтган йилни айтадиган бўлсак, аҳоли қарамоғидаги 2 млн 150 минг бошга яқин сигир сунъий уруғлантиришга эришилди ҳамда улардан биринчи авлод наслли ҳайвонларни олиш натижадорлигини кўришимиз мумкин.

Аббос Салайдинов / Фото: Kun.uz

- Қорамол етиштиришда фермернинг энг асосий муаммоси экин экиш учун ер олиш ҳисобланади. Бу муаммо қандай ҳал қилиняпти?

Матёқуб Матёқубов: Чорвачилик фермер хўжаликларимизнинг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида республикамиз бўйича 339 минг 700 гектар ер майдони ажратилган. Бундан ташқари, такрорий экин сифатида 176 минг гектар ер майдонлари озуқа экинлари экиш учун ажратилган.

Жорий йилда амалга оширилган лойиҳалар ҳамда уларни кенгайтириш ҳисобига ҳозирги вақтда чорвачилик фермер хўжаликларимизга 12 минг гектар ер етишмайди. Биз бу майдонларни ажратиш юзасидан тегишли ташкилотларга, яъни вилоят ва туман ҳокимликларига хатлар берганмиз.

Шунингдек, чорвани озиқлантириш бўйича инновацион усуллар ҳам қўлланилмоқда. Масалан, ҳозирда наслчилик ва сутчилик йўналишидаги фермер хўжаликларимизнинг аксариятида гидропоника усулида озиқлантириш йўлга қўйилган. Бу дегани, чорвадор буғдойни намлаб, кўкартириш орқали – 300 кв метр майдондан деярли 30 гектарга яқин ернинг ҳосилини олади. Бунда, 1 кг буғдойдан чорва учун 7 кг ширали, тўйимли озуқа олиняпти. 1 кг буғдой нархи бозорда 3 минг сўм бўлса, кунжарадан қолишмайдиган 1 кг озуқа нархи 450-500 сўмга тушяпти. Фермерларимиз гидропоника усулида олинган озуқага дағал хашакни аралаштириб ҳам беришмоқда. Фермерлар билан гаплашиб кўрганимизда, 8 литр сут бериб келган сигирлари гидропоника усулида озиқлантирилганидан кейин 20 литрга яқин сут бераётганини айтишди.

Аббос Салайдинов суҳбатлашди.
Тасвирчилар – Муҳиддин Қурбонов, Азимжон Воҳидов.
Монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Top