Спорт | 12:19 / 12.11.2021
31926
9 дақиқада ўқилади

Роналду Дублинда тўхтатилди, Россия гуруҳида биринчи. Европа саралашидаги 4 гуруҳда сўнгги тур арафасидаги вазият

Пайшанба оқшомида Европада ЖЧ-2022 саралаши доирасида тўрт гуруҳда навбатдаги тур учрашувлари бўлиб ўтди.

Фото: РИА Новости

Йил автоголи
Н гуруҳи

Мальта — Хорватия — 1:7 (Брозович, 31, автогол — Перишич, 6. Чалета-Цар, 22. Пашалич, 39. Модрич, 45+1. Майер, 57, 64. Крамарич, 53).
Словакия — Словения — 2:2 (Дуда, 58, пенальти. Стрелец, 74 — Зайц, 18. Мевля, 62).
Россия — Кипр — 6:0 (Ерохин, 4, 87. Смолов, 55. Мостовой, 56. Сутормин, 62. Заболотний, 81).

Кимдир мальталиклар сенсация кўрсатишини кутган бўлса, бу умид тезда ўлдирилди. Модричнинг прессинги, рақиб тўп йўқотиши — ва Крамарич деярли қўриқланмаётган дарвоза қаршисига Перишични чиқариши. Мальталиклар урган гол офсайд туфайли бекор қилиниши ортидан, хорватлар Чалета-Царнинг кучли зарбаси билан устунликни оширишди.

Бўлим ўрталарида Брозовичнинг автоголи мальталикларни хурсанд қилди, у қайчи услубида тўпни узоқлаштирмоқчи бўлганида тўпни ўз бошига теккизди, тўп ундан дарвозага бориб тушди. Лекин юзага келган интрига тезда Крамаричнинг иккинчи голли паси билан ўлдирилди, бу сафар у дарвоза қаршисида бўш турган Пашалични топди.

«Шашкачилар» ортиқча зўр бермай ҳисобни йирик кўринишга келтиришди — жамоа Россияга қарши Сплитда бўлиб ўтадиган ўйиндан олдин ҳужум чизиғида барчаси жойида эканини намойиш этди. 

Валерий Карпин жамоаси Санкт-Петербургда аутсайдерга қарши у қадар кучли бўлим ўтказмади, аммо иккинчи бўлимда ҳисоб йирик кўринишга келтирилди.

Бу сафар бош мураббий сардорлик боғичини Александр Головинга тақди, аввалги ўйинларда Жикия, Баринов, Смолов, Кузяев ва Сутормин каби футболчилар жамоани майдонга бошлаб тушишганди. Карпин ўз бошқарувидаги олти ўйинда олти хил сардор билан ўйнади, иккинчи бўлимда Головин майдондан олингач, боғич Ерохинга берилди. Карпин ўз бошқарувидаги олти ўйинда Россия беш ғалаба ва бир дурангга эришди ва гуруҳда биринчи ўринда бормоқда.

Кейинги ўйин — икки кундан кейин жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланма учун Хорватияга қарши бўлиб ўтади. Златко Далич жамоасига қарши дуранг ҳисобни ушлаб қолиш учун ўйнаш — деярли истиқболсиз машғулот. Энг тўғри йўл майдонга фақат ғалаба учун чиқиш, гарчи Карпин ўзининг дебют ўйинида хорват ҳужумчиларини тўхтатишга эришган бўлса-да, бу сафарги ўйин хорватлар майдонида кечади.

14 ноябрь. Хорватия — Россия, Словения — Кипр, Мальта — Словакия.

Испанияга дуранг ҳам кифоя

В гуруҳи
Грузия — Швеция — 2:0
(Кварацхелия, 61, 77).
Греция — Испания — 0:1 (Пабло Сарабия, 26, пенальти).

Кутилганидек, бу гуруҳда барчаси сўнгги турда ҳал бўлади — Испания ва Швециянинг ўзаро ўйинида. Фақат кучлар нисбати Батумидаги сенсация туфайли кескин ўзгарди. Биринчи бўлимда шведларда ҳудудий устунлик кузатилган бўлса-да, Лория дарвозаси томон жиддий таҳдид солинмади. Дарвозабон фақат бир эпизодда, Классон тўпни Исакка ўтказиб юборганида жамоани қутқаришига тўғри келди.

Аммо Грузия ҳам биринчи бўлимда голли вазиятларга эга бўлди, Кварацхелия тўпни чап қанотдан кириб келган Лобжанидзега етказиб берганида у қулай вазиятдан туриб хато зарба берди. Иккинчи бўлимда — Классон Ибраҳимович ташлаб берган тўпни дарвозабон ҳудудида туриб тўрга жойлай олмаганидан кейин — Хвича қийинроқ вазиятда туриб ҳисобни очди. Шу лаҳзадан «Рубин» яримҳимоячисининг бенефиси бошланди, унинг узоқдан берган зарбасини Ульсен қайтаришга эришди, аммо майдон марказидан кириб боришига на ҳимоячилар ва на дарвозабон тўсқинлик қила олмади - 2:0.

Хвича нафақат ҳам Грузия ва ҳам Испанияни хушнуд этди, балки ажойиб даврага ҳам қўшилди. Гап шундаки, жаҳон чемпионатлари саралаш ўйинларида шу вақтгача фақат қуйидаги юлдузлар дубль қайд этишган: Кантона, Клозе, Шюррле, Криштиану Роналду ва Роббен.

Испания эса қилиши керак бўлган ишни қилди. «Қизил фурия» мухлислари жиддий синовни бошдан кечиришга улгурди, аммо Масураснинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, кўп ўтмай меҳмонлар пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Луис Энрике ниҳоят Пабло Сарабия тимсолида штатдаги пенальтистни топди, испанлар қаторасига беш марта 11 метрли зарбадан адашганидан кейин фақат у бу серияни тўхтата олди. Унинг ишончли зарбаси ғалаба учун етарли бўлди, якшанба куни Севильяда шведларга қарши ҳал қилувчи учрашувда испанларни дуранг натижа ҳам қониқтиради.

14 ноябрь. Испания — Швеция, Греция — Косово.

Португалия ғалабасиз ва Пепесиз

European Qualifiers

А гуруҳи
Ирландия — Португалия — 0:0.

Озарбойжон — Люксембург — 1:3 (Салаҳли, 82 — Родригеш, 67, 90+1. С.Тилль, 78).

Дублиндаги ўйин натижаси португалларни якшанба куни Сербияга қарши ўйинда қандай натижа қаноатлантиришини белгиларди. Айтиш керакки, Европанинг собиқ чемпионлари учун ўйин жуда қийин кечди, Криштиану Роналду эса яккакурашлардан кейин икки марта газонга қулагани билан ёдда қолди. Иккинчи ҳолатда у ерга тушишда эҳтиёт бўлгани жароҳатдан сақлаб қолди, биринчи вазиятда бел қисмига Доэрти томонидан берилган зарбадан кейин ўзига келиши учун маълум вақт талаб қилинди.

Иккинчи бўлимда Криштиану ҳимоячилар қуршовидан омон чиқиб бош билан зарба берганида эса бу зарба бироз ноаниқ чиқди. Яна бир вазиятда эса у айланма зарбаси билан узоқ бурчакни нишонга олишда адашди. Якунда Португалия нафақат ғалабасиз қолди, балки жамоа етакчиларидан бири Пепени йўқотди. Қўпол ўйини билан машҳур бўлган ҳимоячи Робинсоннинг юзига тирсаги билан зарба бергач, иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этди.

Қанчалик ғалати бўлмасин, бу нурсиз ўйиндан кейин ҳам Фернанду Сантуш жамоасини Лиссабонда дуранг ҳам қониқтиради. Бу жамоада тўплар нисбати Сербияникидан яхшироқ.

14 ноябрь. Португалия — Сербия, Люксембург — Ирландия.

Македония Қатарга интилмоқда

J гуруҳи
Германия — Лихтенштейн — 9:0 (Гундўған 11, пенальти. Кауфманн, 22, автогол. Сане, 22, 49. Ройс, 23. Мюллер, 76, 86. Баку, 80. Геппель, 89, автогол).
Арманистон — Шимолий Македония — 0:5 (Трайковски, 22. Барди, 36, 66, пенальти, 90, пенальти, Ристовски, 79).
Руминия — Исландия — 0:0.

ЖЧ-2022 йўлланмасини ҳал қилиб бўлган Германия футболда ҳам митти давлат бўлган рақибни жуда йирик ҳисобда таслим этди. 9-дақиқадаёқ бир киши кам бўлиб қолган меҳмонларда бундан сақланишнинг имкони йўқ эди. Ҳофер каратечиларга хос зарба билан Горецкани нокаут ҳолатига туширишига бир бахя қолди ва ўйинда бош ҳакам бўлиб ишлаган Иван Мартинчич уни кийим алмаштириш хонасига жўнатди.

Германиялик футболчи тезда ўзига келди. Ўйиндаги энг кутилмаган ҳолат — Ханс Флик бундай даражадаги ўйинга энг тажрибали таркибни туширгани бўлди, бу жамоанинг ўртача ёши (29 ёшу 11 кун) немисларнинг 21 асрдаги энг кекса таркибига айланди. Лекин буни миллий жамоанинг собиқ бош мураббийи Йоахим Лёв билан хайрлашув маросимига боғлаш мумкин.

European Qualifiers

Бу гуруҳда интрига фақат иккинчи ўрин учун сақланиб қолмоқда, куннинг биринчи ўйинида Арманистоннинг назарий имкониятлари македонлар томонидан шафқатсизлик билан йўқ қилинди. Баҳорда Хоакин Капаррос жамоаси сенсация кўрсатиб етакчига айланган, цикл охирига келиб эса жамоа фақат очко улашувчи мақомига тушиб қолди. Меҳмонлар яримҳимоячиси Барди эса бу ўйинда македонияликларнинг йирик турнирлар саралаш босқичидаги илк ҳет-триги муаллифига айланди.

Болқон жамоаси иккинчи ўринга кўтарилди, бу ўринни Бухарестдаги ўйинда Руминия ва Исландиядаги ўйинда ҳисоб очилмагани туфайли ўзида сақлаб қолди. Бу ўйинда мезбонлар ўйин сўнгида ғалабани илиб кетиши мумкин эди, аммо Ҳаджининг узоқ масофадан йўллаган зарбаси дарвоза устунидан қайтди. Руминлар сўнгги турда Лихтенштейнга гол уриши аниқ, македонлар эса ҳозирги позицияни сақлаб қолиб, плей-оффга ўтиш учун ўз уйида исландларни енгиши талаб этилади.

14 ноябрь. Арманистон — Германия, Шимолий Македония — Исландия, Лихтенштейн — Руминия.

Мавзуга оид