19:43 / 13.11.2021
22569

Беҳзод Мусаев аввалги вазир қўллаган барча интизомий жазо чораларини бекор қилди

Беҳзод Мусаев 2020 йил октябридан буён ишлаб келган Абдуҳаким Ҳожибоев ўрнига соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бир неча кун илгари соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган Беҳзод Мусаевнинг буйруғи билан аввалги вазир қўллаган интизомий жазо чоралари бекор қилинди. Бу ҳақда Xabar.uz ёзмоқда.

«Шу кунгача соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан қўлланган барча интизомий жазо чоралари муддатидан илгари олиб ташлансин», дейилади Мусаев имзолаган буйруқда.

Беҳзод Мусаев бу лавозимда 2020 йил октябридан буён ишлаб келган Абдуҳаким Ҳожибоев ўрнида иш бошлаганди.

Беҳзод Мусаев 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилда Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида бошлаган. 1998-2002 йилларда Молия вазирлигида ишлаган ва бўлим бошлиғи лавозимидан бош бошқарма бошлиғи лавозимигача кўтарилган. 

2002 йилда Ҳисоб палатасига ишга ўтган. 2006-2010 йилларда Ҳисоб палатаси раиси бўлган.

2010 йилда Давлат солиқ қўмитасидаги фаолиятини бошлаган. Мусаев 2020 йилнинг майида бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди. У 2020 йил ёзида, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бетоб бўлиб шифохонага ётқизилганда ҳам бир муддат вазир вазифасини бажариб турган.

Top